Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси ошаётгани маълум қилинди

Марказий Осиё ва Европада тўйиб овқатланмаслик даражаси ошиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Bugun.uz»

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан тақдим этилган ҳисоботга кўра, Марказий Осиё ва Европада дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан тўйиб овқатланмаслик даражаси пастлигича қолмоқда, коронавирус пандемияси эса вазиятни янада ёмонлаштирмоқда. Хусусан, 2019–2020 йилларда 14 миллиондан ортиқ одам озиқ-овқат танқислигига дуч келган. Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги бундай ҳолат, экспертларнинг таъкидлашича, дунёнинг анъанавий «тўқ» минтақалари учун хос ҳолат эмас.

Ҳисоботда келтирилишича, сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиё ва Европа минтақаси давлатлари тўйиб овқатланмаслик билан курашишда сезиларли ютуқларга эришган. Дунё миқёсида тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётганлар сони 2019 йилдаги 8,4 фоиздан 2020 йилда 9,9 фоизгача ошган, Марказий Осиё ва Европада эса минтақавий ўртача кўрсаткич 2,5 фоиздан пастлигича қолмоқда — бу деярли йигирма йил давомидаги даражада. Бироқ минтақаларда вазият турлича. Европада жойлашган Европа Иттифоқи ва МДҲ мамлакатларида бу кўрсаткич паст, Кавказ, Марказий Осиё ва Ғарбий Болқонда эса етарли даражада овқатланиш имкониятига эга бўлмаганлар сони сезиларли ошган.

«Пандемия Европа ва Марказий Осиё давлатларининг озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатди. Шунинг учун ҳисобот минтақада, субминтақаларда ва пандемия таъсири остидаги мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқланиш кўрсаткичи қандай ўзгаргани ва бу мамлакатлар барқарор ривожланиш мақсадига эришишда қанчалик олдинга силжиш имконига эга бўлганини баҳолашга қаратилган», — дейди FAO бош директори ўринбосари ва минтақавий вакили Владимир Рахманин янги ҳисоботнинг сўзбошисида.

Глобал миқёсда коронавирус пандемияси халқаро бозорларни, савдо ва озиқ-овқат занжирларини узиб қўйган. Европа ва Марказий Осиёда хавфсиз, тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларидан етарли даражада фойдалана олмаганлар сони 14 миллионга ошиб, 111 миллионга етган, бу умумий аҳолининг 11,9 фоизини ташкил этади.

«Турли мамлакатларда пандемияга қарши сиёсий жавоблар маълум бир давлатдаги фаровонлик даражаси ва сиёсий иродага қараб катта фарқ қилиши сабабли озиқ-овқат ва ундан фойдаланишда миллий ва субминтақавий тенгсизлик, албатта, кучаяди», — дейди Владимир Рахманин.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи бўлган соҳа маълум қилинганди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятларда дронлардан фойдаланиши айтилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз