Эрон порт ва денгиз ташкилоти бошқарувчи директори Али Акбар Сафоий мамлакат Ўзбекистоннинг Чабаҳор портидан фойдаланишга тайёрлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳақда «Hindustan Times» хабар берди.

Фото: «inf.news»

Келтирилишича,  Али Акбар Сафоий 14 декабрь куни Эрон, Ҳиндистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат уч томонлама гуруҳнинг виртуал учрашувида бу ҳақда маълум қилган.

«Эрон Ўзбекистон ҳукуматининг Чабаҳор порти тармоғидан фойдаланишга тайёрлигини ҳамда Шаҳид Беҳешти портида савдо ҳамда сармояни ривожлантириш режасини олқишлайди. Ўзбекистон Чабаҳор меморандумига қўшилгач, яқин келажакда Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистон ўртасида транзит осонлашганининг гувоҳи бўламиз.

Сўнгги бир неча йил ичида Чабаҳор меморандумининг амалга оширилиши билан Шаҳид Беҳешти портидаги фаоллик сезиларли даражада ошди ва Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Ўзбекистон ҳамда ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг тўлиқ ҳамкорлиги билан, Чабаҳор порти янада ривожланади», — деган Али Акбар Сафоий.

Ўзбекистон вакили, ўз навбатида Чабаҳор порти минтақа давлатлари ўртасида транспорт ва логистика алоқаларини осонлаштиришда муҳим роль ўйнашини айтган. У Ўзбекистон делегацияси яқин орада Чабаҳор портига ташриф буюришини маълум қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қоғозсиз юк ташиш тизими жорий этилиши маълум қилинганди.