Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг гуманитар юки ортилган иккита махсус юк машинаси 15 декабрь куни Термиз орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига жўнатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, мазкур юк БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг Афғонистонни қўллаб-қувватлаш ҳаракатларининг бир қисми бўлиб, афғон халқига ҳаётий ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Инсонпарварлик ёрдами БМТ Қочоқлар ишлари бўйича бошқармасининг Сурхондарё вилоятидаги «Termez Cargo Centre»да Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган гуманитар марказидан юкланиб, қўшни давлатга юборилган. Замонавий терминал Ўзбекистон–Афғонистон чегарасидан икки километр узоқликда жойлашган бўлиб, бу ерда юкларни сақлаш ва қўшни мамлакатга жўнатиш учун етарли шароит яратилган.

Афғонистонга юборилган дастлабки 40 тоннага яқин гуманитар юк ошхона анжомлари, пластмасса қоплама ва бошқа зарур ҳаётий нарсалардан иборат. Гуманитар ёрдам юклари жорий йилнинг октябрь–ноябрь ойларида ҳаво ва қуруқлик орқали Термизга етказилиб, «Termez Cargo Centre» терминалида сақланаётган бўлган.

«Биз, Ўзбекистон ҳукумати ва Термиздаги ҳамкорларни афғон халқига жуда зарур гуманитар ёрдам кўрсатиш учун доимий қўллаб-қувватлаётганини қадрлаймиз. Ҳозир изғирин совуқ олдидан миллионлаб афғонлар озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келаётган бир пайтда уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва олдини олиш учун шошилинч ёрдам зарур. Бунинг учун ‘Termez Cargo Centre’даги гуманитар марказда барча қулайлик мавжуд. Марказ қўшни давлатга жуда яқин ҳудудда жойлашган. Бу юкни Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридаги омборимизга олиб бориб, жойлаштирамиз. У ердан эҳтиёжмандларга тарқатилади. Келгусида қиш учун иссиқ кўрпа-тўшак ва бошқа зарур нарсаларни етказиб беришни мўлжаллаяпмиз» ,– дейди БМТ Қочоқлар ишлари бўйича oлий комиссарлиги бошқармасининг катта маслаҳатчиси Франк Ремус.

Қайд этилишича, Қочоқлар ишлари бўйича бошқарма Термизга гуманитар юкларини олдиндан жойлаштириб, Афғонистонда кутилаётган фавқулодда вазиятларга пухта ҳозирлик кўрди. Эндиликда гуманитар марказдан Термиздаги юкларни жўнатадиган муҳим пункт сифатида фойдаланилмоқда. Келтирилишича, бошқарма фаолияти давомида Афғонистондаги фавқулодда вазиятларни юмшатиш учун барча турдаги инсонпарварлик юкларини Термиз орқали жўнатади.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги идораси Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиб бериши маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати ҳеч қандай шартларсиз гуманитар ёрдам қабул қилинишини айтганди.