Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Нигоҳ» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ҳужжат қуйидаги асосий қоидаларни жорий этишга қаратилган:

  • фавқулодда ҳолат қуйидаги ҳодисалар содир бўлганида жорий этилиши белгиланмоқда:
  • реал ташқи хавф, Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини ва (ёки) ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга уринишлар, оммавий тартибсизликлар, террорчилик ҳаракатлари, шунингдек, зўравонлик ҳаракатлари билан бир вақтда юз берадиган, фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг кундалик фаолиятига бевосита таҳдид солувчи ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни ёки айрим жойларни тўсиш ёки босиб олиш, қонунга хилоф қуролли тузилмаларни тайёрлаш, миллатлараро, конфессиялараро ва чегаравий низолар;
  • кенг қамровли авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилишини талаб этадиган йирик ҳалокатлар, табиий офатлар, эпидемиялар, экологик ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар;
  • фавқулодда ҳолат президент фармони билан республиканинг бутун ҳудудида ёки алоҳида маъмурий ҳудудларида жорий этилиши, мазкур фармон 3 сутка мобайнида Олий Мажлис палаталарига киритилиши ва уларнинг қўшма мажлисида тасдиқланиши қайд этилмоқда;
  • Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 30 суткадан, унинг алоҳида маъмурий ҳудудларида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 60 суткадан ошиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда;
  • фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида тегишли чоралар ва вақтинчалик чекловлар қўлланилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда;
  • республиканинг бутун ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун муддати давомида сайлов ва референдум ўтказилмаслиги белгиланмоқда;
  • президентнинг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонига зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат бошқаруви органларининг бошқа ҳужжатлари амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақлилиги назарда тутилмоқда;
  • президент фармонига мувофиқ фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича махсус давлат органлари (давлат комиссияси ва ҳудуд комендатураси) тузилиши назарда тутилмоқда ва уларнинг ваколатлари белгиланмоқда;
  • фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларининг кафолатлари белгиланмоқда. Хусусан:
  • авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ва таъминлаш учун жалб этилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш кафолатланмоқда;
  • жабрланган шахсларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган шартлар ва тартибда турар жойлар берилиши, етказилган моддий зарар қопланиши, ишга жойлашишда кўмак берилиши ва зарур ёрдам кўрсатилиши қайд этилмоқда;
  • жисмоний куч ишлатишнинг, махсус воситаларни, жанговар ва махсус техникани ҳамда ўқотар қуролни қўллашнинг қонунчиликда белгиланган шартлари ва чегаралари фавқулодда ҳолат шароитларида ўзгартирилмаслиги белгиланмоқда;
  • комендантлик соати қоидаларини бузган шахслар комендантлик соатининг охиригача, шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган шахслар эса – уларнинг шахси аниқлангунга қадар, бироқ 24 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга ички ишлар органи бошлиғининг қарори билан ушлаб турилиши назарда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 19 ноябрь куни бўлиб ўтган йигирма биринчи ялпи мажлисида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни муҳокама қилиниб, маъқулланганди.