Қозоғистондаги Чимкент аэропортининг электрон почтасига 15 декабрь куни аэропорт биносига бомба ўрнатилгани ҳақида хабар келиб тушди. Бу ҳақда «Zakon.kz» хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, мазкур хабар соат 02:00 (Тошкент вақти билан 01:00)да келиб тушган. Ҳолат юзасидан барча хизматчилар хабардор қилинган. Полиция ва шаҳар Миллий хавфсизлик қўмитаси аэропорт хизматлари билан биргаликда махсус тадбирлар ўтказган. Таъкидланишича, аэропорт терминалидан одамлар эвакуация қилинган.

«Мазкур ҳолат Қозоғистон Жиноят кодексининг 273-моддаси ‘Террорчилик акти тўғрисида била туриб ёлғон хабар бериш’ билан терговга қадар терговнинг ягона реестрига қайд этилган», дейилади мамлакатнинг Транспорт полиция бошқармаси хабарида.

Аввалроқ Қирғизистондаги дўконга бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон хабар берган аёл ушланганди. Шунингдек, Россияда 150 га яқин черков ва ибодатхоналарга бомба ўрнатилгани айтилганди.