Россия ТИВ Шавкат Мирзиёевнинг Москвага қилган ташрифи аҳамияти ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёевнинг 19 ноябрь куни Москвага қилган ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки бўлиб, Москва ва Тошкент шериклиги муҳимлигини тасдиқлагани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденкога таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашувда гапирган. Жараён давомида Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимиров Путиннинг музокаралари икки томонлама шерикликнинг кўлами ва стратегик аҳамиятини тасдиқлагани алоҳида таъкидланган ва «Ҳамкорлигимизга энг юқори даражада туртки берилди», — дея қайд этган.

Унинг фикрича, мамлакатлар ўртасида сўнгги йилларда мавжуд бўлган мулоқотни давом эттириш ҳозир жуда муҳим. Руденконинг Тошкентга ташрифи бу ерда Россиянинг Марказий Осиё давлатларидаги элчиларининг ишчи учрашуви ўтказилиши билан боғлиқ. «Нега биз Тошкентни танладик, чунки Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча бешта давлат билан чегарадош ягона давлатдир», — дея тушунтирган у.

Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг қўшимча қилишича, семинар ўтказиладиган жойни танлашга Ўзбекистоннинг сўнгги пайтларда олиб бораётган сиёсати таъсир кўрсатган. «Бу биз учун қизиқ ва биз бу йил шу мамлакатда йиғилишга қарор қилдик», — дея қўшимча қилган у.

Маълумот ўрнида, давлат раҳбарларининг 19 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон–Россия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилган.

Шунингдек, ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилган. Бундан ташқари, ташриф доирасида жами 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан Афғонистон масаласини муҳокама қилганди. Шунингдек, Президентнинг Владимир Путин билан музокаралари якунлангани ҳақида хабар қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз