Россиянинг Ханти-Мансилар мухтор округи губернатори Наталья Комарова патент асосида ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун бир қанча фаолият турларини тақиқлади. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik«

Маълум қилинишича, эндиликда ҳудудда патент асосида ишлаётган хорижликлар такси, микроавтобус ҳайдовчиси бўла олмайди, уларнинг йўловчи ташиши тақиқланади. Бундан ташқари, мигрантлар энди болалар озуқасини ишлаб чиқариш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш, шунингдек, озиқ-овқат билан боғлиқ хизматлар ҳамда таълим соҳасида ишлай олмайди.

Таъкидланишича, бундай фармонга Ханти-Мансилар мухтор округида 2022 йил давомида амал қилинади. Чекловлар юқори малакали мутахассисларга тааллуқли эмаслиги қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Россиядаги мигрантлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллагани хабар берилганди. Шунингдек, Россияда мигрантлар дуч келаётган 3 та асосий муаммо маълум қилинган.