Саудия Арабистони 2002 йилги Араб тинчлик ташаббуси талабини ҳурмат қилиш шарти асосида Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга тайёрлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг БМТдаги доимий вакили Абдулла ал-Муаллимийга таяниб, «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Дипломатнинг эслатишича, Араб тинчлик ташаббуси «1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган барча Фаластин ерларининг ишғолини тўхтатиш, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш ва Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш»ни назарда тутади.

Ал-Муаллимийнинг сўзларига кўра, ушбу шарт бажарилган тақдирда Саудия Арабистони мисолида бутун ислом олами, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг барча 57 давлати ўрнак олади ва бу Исроил билан кенг кўламли мулоқотга сабаб бўлади.

Аввалроқ Саудия Арабистони ал-Ақсо масжидига қилинган ҳужумни қоралаганди. Шунингдек, мамлакат Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини айтганди.