Олий Мажлис Сенати аъзоси Носир Абдуллахонов бошчилигидаги Наманган делегацияси 7-10 декабрь кунлари Озарбайжонда бўлди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ташриф доирасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция ва гуманитар лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, М.Топчубашев номидаги илмий-жарроҳлик маркази ва Боку марказий клиникаси раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди.

Уларда Носир Абдуллахонов Озарбайжон томонига Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳукумат томонидан миллий иқтисодиётларни либераллаштириш, салоҳиятли хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар борасида маълумот берди.

М.Тўпчубашев номидаги илмий-жарроҳлик маркази колопроктология бўлими мудири Гурбан Муслумов Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолади. Озарбайжонлик шифокор Носир Абдуллахоновнинг сўзларига тўлиқ қўшилиб, икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилмаган катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан у ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюриш таклифига ижобий муносабат билдирди.

Шу билан бирга, бўлажак сафари давомида консалтинг хизматлари кўрсатиш ва зарур ҳолларда операсияларни ўтказиш, шунингдек, маҳаллий шифокорлар учун маҳорат сабоқларини ташкил этиш мақсадида беморларни бепул қабул қилишга тайёрлигини тасдиқлади.

Қолаверса, озарбайжонлик шифокор юқоридаги ишларни амалга ошириш учун яқин вақт ичида Қорақалпоғистонга боришга келишиб олди. Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

Учрашув якунлари бўйича Носир Абдуллахонов ва Гурбан Муслумов «Almaz Academie» тиббий ўқув маркази (Боку, Озарбайжон) ва «Anamed» тиббиёт маркази (Наманган, Ўзбекистон Республикаси) ўртасида Меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Марказий клиниканинг Ортопедия ва травматология, спорт тиббиёти ва физиотерапия маркази раҳбари Элвиз Гасимов билан учрашувда ҳам деярли шундай келишувларга эришилди. Хусусан, озарбайжонлик мутахассис Ўзбекистонда реабилитация марказини ташкил этишни назарда тутувчи инвестиция лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.