Сенат раиси Танзила Норбоева 15 декабрь кунги ялпи мажлис пайтида Ўзбекистон бюджети ижтимоий йўналтирилганини таъкидлади. Бу ҳақда Юқори палата ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Раис нутқи давомида ҳукумат бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириши зарурлигини қайд этган.

«Давлатимиз раҳбари ‘Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат’ деган тамойилни илгари сурмоқдалар. Шу маънода, келгуси йил учун Давлат бюджетида ижтимоий соҳаларга мисли кўрилмаган даражада катта эътибор қаратилмоқда. Яъни, 105,5 трлн сўмдан зиёд маблағ ёки жами бюджет харажатларининг қарийб ярми (49 фоиз) ижтимоий соҳа ва аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим соҳасига 47 трлн сўм мабалағ ажратилмоқда (жорий йилга нисбатан 6,5 трлн сўмга кўп).  

Бу эса, яна бир бор Ўзбекистон бюджети – ижтимоий йўналтирилган бюджет эканлигини тасдиқлайди. Қайд этиш керакки, кўзланган мақсадларга эришиш, буджет маблағларнинг ўз вақтида, тўлиқ, самарали ва энг асосийси қонуний сарфланишини таъминлашда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳар доимгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада марказдан маҳаллагача бўлган изчил тизим йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ. Шу боис, жойлардаги сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фуқаролар йиғинлари ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда бу борада масъулиятни оширишлари лозим.

Шунингдек, ҳар бир вазирлик ва идорадан келгуси йилда ўз зиммасига юклатилган вазифалар, хусусан, давлат дастурлари ҳамда тармоқ дастурларини ўз вақтида тўлиқ ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш талаб этилади. Бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, давлат идоралари, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона, тизимли равишда сарфлаши шарт.

Ҳукумат бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириши, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан ўз вақтида қатъий чоралар кўриши зарур. Ҳисоб палатаси бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини чуқур ўрганиб, уларни бартараф қилиш бўйича Сенатга уч ой ичида аниқ таклифларни киритиши зарур. Қарор лойиҳасида ҳам буни акс эттириш керак», — дейди Танзила Норбоева.

Аввалроқ Сенат ялпи мажлисида 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси маъқуллангани ҳақида хабар берилганди.