Ўзбекистон олийгоҳларида тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 15 декабрдаги қарорига мувофиқ 2021/2022 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабалар ўқиши учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2021 йилнинг 31 декабри этиб белгиланди.

Олий таълим вазирлигининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ушбу тартиб барча курсдаги талабаларга тааллуқли ҳисобланади.

Шунингдек, коронавирусга қарши 2021 йилнинг 15 ноябрига қадар тўлиқ эмланган (вакцина олган), лекин эмланганлик тўғрисидаги сертификатни белгиланган муддатдан кечикиб олий таълим муассасасига тақдим этган (этаётган) абитуриентлар ва талабаларга тўлов-контракт суммасини тўлашда бир марталик 10 фоизли чегирмани қўллашга рухсат берилди.

Эслатиб ўтамиз, олийгоҳларда таҳсил олаётган ҳамда 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши вакцина олган талабаларга 2021/2022 ўқув йили учун белгиланган стипендия қўшилмаган базавий тўлов-шартнома суммасига бир марталик 10 фоиз чегирма белгиланганди.

Кейинчалик мазкур муддат узайтирилган ҳолда 15 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши вакцина олган ва сертификат тақдим этган барча талабаларга бир марталик 10 фоиз чегирма берилиши белгиланган.