Тошкент вилояти Паркент туманида 15 декабрь куни «Howo» юк машинаси ағдарилиши оқибатида йўл четида турган «Lacetti» ва «Spark» машиналарига шикаст етди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Дастлабки маълумотларга кўра, соат 16:00 да Паркент тумани ҳудудидан ўтган 4Р-15 Қизилтоғ–Паркент–Янгибозор автомобиль йўлининг 56-километрида ҳайдовчи — 1998 йилда туғилган Ж.Н. «Howo» русумли юк автомобилида ҳаракатланаётиб, бурилишда бошқарувни йўқотган. Шундан сўнг транспорт воситаси ағдарилган. Оқибатда йўл четида тўхтаб турган «Lacetti »ва «Spark» русумли автомобилларга техник шикаст етган. Автомобиль салонида фуқаролар бўлмаган.

Фото: «Bugun.uz»

ЙТҲдан сўнг юк машинаси ҳайдовчисига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Мазкур ҳодиса юзасидан Паркент тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда. Барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлиб, қоидаларга риоя қилишлари сўралган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида «Isuzu» йўл четига ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, вилоятда 5 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлган.