Тошкентдаги Қўйлиқ бозори босқичма-босқич кўчирилади
Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев 13 декабрь куни ўтказилган йиғилишда Қўйлиқ бозори FoodCity’га босқичма-босқич кўчирилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Янги Давр» кўрсатувида хабар берилди.

Фото: Бектемир туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Қайд этилишича, янги бозорда яратилган шароит шаҳар ҳудудидаги Ecobozor’да ҳам мавжуд эмас.
«Осон ва тушуниш учун мен айтмоқчиман, FoodCity Бектемир ҳудудида жойлашган бўлади. Иккинчидан, у ерда шундай шароитлар яратилганки, бунақа шароит ўзимизнинг Ecobozor’да ҳам йўқ. Қўйлиқда асфальтда ўтириб сотгандан кўра, ўша ерга олиб бориб сотган маъқул. Кадастри борларга, албатта, барча зиён давлат томондан қоплаб берилади. Босқичма-босқич ўтилади.
Энди у ерда нарх-наво ўсиб кетмайдими, деган савол бор. Мен қуйидагича жавоб бераман. Бозорда 4 та олтига тўрт метрли монитор бор. Битта айлантириши 100 миллион сўм, у бозорга қўшимча даромад олиб келади. Биз келишганда худди шуни паттачидан эмас, шуни ўзидан фойдангни оласан, бунга тегмайсан, деб 3 ой улардан патент пули олмаслик шарти билан келишдик.
Нарх тушади-кўтарилади, энди бу ҳаёт. Ўзингиз ҳам Қўйлиқ бозорига тушсангиз, бир нарсага туртилиб ўтасиз. Йиқилиб, бир нарса бўлишингиз аниқ-да. Ўзим ҳам шу ердан бозор қиламан, мажбурман шунга. Лекин уни босқичма-босқич кўчирмасак бўлмайди», — дейди Бектемир ҳокими.
Аввалроқ Қўйлиқ деҳқон бозорининг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Қодир Нормирзаев бозорнинг FoodCity’га кўчирилишига оид хабарларга аниқлик киритганди. Қодир Нормирзаев бу хабар тарқалишига ҳеч қандай асос йўқлиги, бу хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёки юқори ташкилотлардан бирор топшириқ келмаганини маълум қилган.