Туркманистон президенти Бетарафлик куни шарафига зиёфат уюштирди — видео

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 12 декабрь — Халқаро бетарафлик куни шарафига бетарафлик монументи пойига гул қўйиш маросимидан сўнг Ашхобод қабулхонасида ҳукумат, парламент аъзолари ва хорижий дипломатлар иштирокида зиёфат уюштирди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги — «ТDH» хабар берди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Маълум қилинишича, зиёфатда давлат раҳбари ўзининг турли мақоллар билан ёритилган қутлов нутқида меҳмонларга туркман бетарафлигининг минг йиллик илдизлари, шунингдек, Ахалтеке отлари, гиламлари, алабайлари ҳақида сўзлаб берган.

Қайд этилишича, Туркманистон бутун дунёда тинчликка интилаётгани, уруш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлаган Бердимуҳамедов шу муносабат билан «Яшасин тинч ҳаёт» номли шеър ёзганини маълум қилган ва меҳмонларга уни ўқиб берган.

Шундан сўнг концерт бошланган, унда «Қорақум» қўшиғи ва Бердимуҳамедов сўзи билан ёзилган қўшиқлар ижро этилган. Аввалари давлат раҳбарининг ўзи қўшиқларини омма олдида ижро этган бўлса, бу гал чиқиш қилмаган ёки унинг ижроси телекамералар объективига тушмаган.

«ТDH»нинг ёзишича, концертнинг якунида Аркадағ — президентнинг тинимсиз меҳнатига бағишланган қўшиқ бўлган. Бир кун олдин эса маҳаллий матбуотда туркман шоираси Гўзел Шагулеванинг анъанавий тарзда Бердимуҳамедовга, унинг шеърий ва мусиқий истеъдодига бағишланган янги асари чоп этилган.

«Эсингизда бўлса, Янги йил арафасида Қаҳрамон-Аркадағ мухлисларига ўз композициясидан иборат мусиқий альбомини совға қилганди. Кўплаб мухлислар қатори мен ҳам буни эшитишни ўзим учун катта завқ деб биламан. Менга бу жуда зарур. Мен қўшиқни, мусиқани жуда интиқлик билан кутгандим», — деб ёзади шоира.

Аввалроқ Туркманистон президентининг рафиқаси 15 йил ичида биринчи марта кўриниш берганди. Шунингдек, Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз