Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Хўжа Абдужаббор қишлоғида ер чўғ бўлиб ёнаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Чироқчи туман Янгиқурилиш маҳалласи ҳудудидаги ердан чиқаётган тутун туман назорат иснпекцияси инспекторлари, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, «Ҳудудгаз» таъминот ходимлари томонидан ўрганилган. Ўрганиш жараёнида тахминан 0,10 гектар ер майдони аввал ёниб ўчгани ва ҳозирги кунда тахминан 0,01 гектар ер майдони устидан тутун чиқиб атрофга бадбўй ҳид тарқалаётгани кузатилган.

Ўрганиш давомида ушбу қишлоқда яшовчи оқсоқоллар бу жой тахминан 50-70 йиллар олдин чуқурлик, қамишзор бўлгани ва йиллар ўтиб қамишлар устига тупроқ ёпилиб кетгани таъкидланган.

«Ушбу ҳолатга Геология ташкилоти ўрганиш ўтказиб, хулоса қилгунга қадар ер остидаги қолиб кетган қамишлар чириши натижасида қизиб ёнишни келтириб чиқарган деган дастлабки хулосага келинди. Ҳолатни ўрганиш ишлари давом этмоқда, ўрганиш якуни бўйича батафсил маълумотларни тақдим этамиз», дейилади хабарда.