Хитой еттинчи миллий аҳолини рўйхатга олиш натижаларини баҳолади. Бу ҳақда Хитой Давлат статистика бошқармаси расмий вакили Фу Линхуэйга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, мамлакатда ҳар йили 10 миллиондан ортиқ одам туғилади ва мамлакат ишчи ресурслари билан таъминланган. Линхуэйнинг сўзларига кўра, Хитойда олий маълумотли аҳоли улуши 23,61 фоизга етган, ўртача умр кўриш 2019 йилда 77,3 ёшни ташкил этган, бу 2010 йилга нисбатан 2,47 ёшга кўпдир.

«2020 йил 1 ноябрдан 10 декабргача бўлиб ўтган еттинчи миллий аҳоли рўйхати натижаларига кўра, Хитой фуқаролари сони бўйича дунёнинг энг йирик давлати мақомини сақлаб қолган: 1,411 миллиард киши, Гонконг, Макао, Тайвань ва хорижий фуқаролар билан 1,443 миллиардни ташкил қилади», — дейди Хитой Статистика бошқармаси вакили.

Миллий аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Хитой материгида 0 ёшдан 14 ёшгача бўлган 253 383 938 киши (17,95 фоиз), 15 ёшдан 59 ёшгача бўлган 894 376 020 киши (63,35 фоиз), 60 ёшдан ошганлар 264 018 766 киши (18,70 фоиз), шу жумладан, 65 ёшдан ошган одамлар (13,50 фоиз) 190 635 280 кишини ташкил этади.

Аввалроқ Хитой раиси дунё мамлакатларига мурожаат қилганди. Шунингдек, у хитойликлар ҳеч қачон бошқа халқларга зулм қилмаганини айтган.