Хитойлик олимлар ковиднинг қанча аломатларсиз ташувчиси борлигини аниқлади

Хитойнинг Пекин университети олимлари коронавируснинг аломатларсиз ташувчилари қанча эканини аниқлаш бўйича ўтказилган 95 та тадқиқот натижаларини жамлаган мақолани эълон қилди. Бу ҳақда «JAMA Network Open» журналида хабар берилди.

Фото: «Reuters»

Маълум бўлишича, коронавирус ташхиси тасдиқланган одамлар орасида касалликни аломатларсиз ўтказаётганлар 40 фоизни ташкил қилади. Яъни, коронавирус билан касалланган ҳар беш кишидан иккитасида касаллик ҳеч қандай аломатсиз кечмоқда.

Таъкидланишича, ушбу тадқиқотда олимлар хитой ёки инглиз тилларида нашр этилган амалий тадқиқотлар натижаларини, шунингдек, 29 миллиондан ортиқ одамнинг маълумотларини қамраб олган. Хулоса сифатида мутахассислар коронавирус тарқалишини назорат остига олиш учун оммавий тестлар ўтказиш кераклигини билдирган.

Бундан ташқари, олимларнинг фикрига кўра, аниқланган аломатларсиз ташувчилар, симптомлари бўлган беморлар каби, барча чеклов чораларига риоя қилиши лозим.

Аввалроқ Қозоғистонда коронавируснинг мутацияланган тури тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Руминияда коронавируснинг вакцина таъсирига қарши тура оладиган штами аниқлангани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз