АҚШ янги ҳарбий қуролни синовдан ўтказди — фото

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Аден кўрфазида сувости кемаларига қарши лазер қуролини синовдан ўтказди. Бу ҳақда АҚШ бешинчи флоти веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг «Портланд» ҳарбий кемаси кўрфазида ўқув нишонига юқори энергияли лазер қурол тизимидан синов ўқини отган. «Ўқ нишонга муваффақиятли тегди», дейилади хабарда. Бунгача кема 2020 йилнинг май ойида дронни уриб тушириш учун лазер қуролидан фойдаланган.

Фото: АҚШ бешинчи флоти ахборот хизмати

«Associated Press» агентлигининг ёзишича, янги тизим Қизил денгиздаги яманлик хусий исёнчилар томонидан қўлланган портловчи моддага эга учувчисиз самолётларга қарши курашда қўлланилиши мумкин.

Фото: АҚШ бешинчи флоти ахборот хизмати

Қайд этилишича, синов зонаси яқинида 2014 йилнинг мартидан буён тўқнашув давом этаётган Яман жойлашган. Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий қўшинларини мамлакатнинг бир қисмини назорат қилаётган хусий исёнчиларга қарши курашда қўллаб-қувватламоқда.

Фото: АҚШ бешинчи флоти ахборот хизмати

Жанг Қизил денгиз ва уни Адан кўрфази билан боғлайдиган Боб ал-Мандеб бўғозига ҳам таъсир қилган. Ушбу денгиз йўли Сувайш канали ва Ўрта Ер денгизига олиб бориб, Европа ва Осиёни боғлайдиган энг муҳим савдо денгиз йўлларидан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Хитойнинг олтинчи авлод махфий қирувчи самолёти суратга олинганди. Шунингдек, Франциянинг самолёт ишлаб чиқарувчи компанияси учар таксини тақдим этганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз