АҚШда собиқ президент Кеннедининг ўлдирилишига оид қўшимча маълумотлар эълон қилинди

АҚШ миллий архивлар ва ёзувлар бошқармаси мамлакат 35-президенти Жон Кеннедининг ўлдирилиши билан боғлиқ терговга оид янги ҳужжатлар тўпламини эълон қилди.

Фото: «The Conversation»

Маълум қилинишича, Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, Давлат департаменти ва бошқа АҚШ ҳукумат идораларининг 1491 та ҳужжат тўплами маълумотлар ошкор этилиши бошланганидан буён энг каттаси бўлган. Улар орасида расман қотил деб ҳисобланган Ли Харви Освалднинг СССР ва Кубанинг Мехикодаги элчихоналари билан алоқаси ҳақида маълумотлар келтирилган.

Ошкор қилинган ҳужжатлардан бирида Ли Харви Освалд Кеннеди ўлдирилишидан бир неча ой олдин Куба ва СССР элчихоналарига виза аризаси билан боргани қайд этилган. Бошқа ҳужжатда Освалд СССР элчихонаси консули билан учрашгани ҳақида хабар берилган. Таъкидланишича, у Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, СССР Давлат хавфсизлик қўмитасининг «шартнома бўйича қотиллик» бўлими билан чамбарчас боғлиқ бўлган.

Келтирилишича, Жон Кеннедининг ўлдирилиши ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қилишни бошлашга туртки берган 1992 йилда қабул қилинган қонунда ҳужжатларнинг барчаси 25 йил ичида, яъни 2017 йилнинг октабригача эълон қилиниши шарт экани кўрсатилган. 1992 йилнинг июль ойида Миллий архивлар бошқармаси ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни бошлаган, бироқ уларнинг айримларини чиқариш АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трампнинг илтимосига кўра кечиктирилган. Сўнгги ҳужжатлар 2022 йил 15 декабрда эълон қилиниши айтилган.

Аввалроқ АҚШ президентлари рейтинги эълон қилинганди. Шунингдек, Байден ўзининг президентлик фаолиятини баҳолаган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз