Жиззахда 27 ёшли йигит 17 ёшли қизга унаштирилган. Эрта унаштирувнинг сабаби — қизнинг бувиси бемор ва неварасининг тўйини кўриш истагида экани. Туман ҳокими эса ёшларнинг аризасига мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган қизнинг никоҳига қонуний розилик берган. Амалдаги Оила кодексига мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган шахсларнинг оила қуришига мутасаддиларнинг розилиги билан амалга оширилиши белгиланган.

Фото: «Bugun.uz» / Иллюстратив

Бу каби эрта никоҳ республиканинг барча ҳудудларида тарқалмаган, асосан, Ургут, Самарқанд, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Денов, Шаҳрихон туманлари ҳамда Наманган, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида кўп учрайди.

2021 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Ургут ва Самарқанд туманларида келинлар бўйича ижтимоий тадқиқот ўтказилган. Унда эрта никоҳларнинг 70 фоизига ота-оналар сабабчи бўлгани, 26 фоизи севги-муҳаббат, 3,4 фоизи эрта ҳомила, 1,5 фоизи диний қарашлар туфайли юз бергани аниқланган. Бунинг оқибатида 40 фоизга яқин ўсмир қизларнинг соғлиғи, 22 фоизидан ортиғининг ота-оналари билан муносабатлари ёмонлашган, 26 фоизга яқини эса иқтисодий қийинчиликларга дуч келган.

2019 йил 1 сентябрдан Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартиш киритилиб, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз этиб белгиланганди. Бунгача никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз, аёллар учун ўн етти ёш эди. Аммо узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (хомиладорлик, бола туғилиши), вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши, никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра, никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириш мумкин. Шунингдек, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам белгиланган.

Яъни

  • никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш — 1 миллион 115 минг сўмдан 2 миллион 230 минг сўмгача;
  • ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш — 1 миллион 561 минг сўмдан 3 миллион 345 минг сўмгача;
  • никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш 2 миллион 230 минг сўмдан 4 миллион 460 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги халқаро конвенциянинг 1-моддасига кўра, 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай инсон бола ҳисобланади. Ўзбекистон мазкур конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Демак, 17 ёшли қизнинг никоҳини халқаро ҳужжатларда эътироф этилган қоида бўйича бола никоҳи сифатида қабул қилиш мумкин.

Маълумотларга кўра, эрта турмуш қуриш асосан ривожланмаган давлатларда кенг тарқалган. Бутун дунёда 18 ёшга тўлмасдан турмуш қурган ўғил болалар 115 миллионни (бу ўртача 15–30 фоизни) ташкил қилади. Бу борада Ҳиндистон, Бангладеш, Нигерия, Бразилия каби давлатлар 405–5 фоиз билан пешқадам ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, қирғизистонлик қизларнинг 13 фоизи 18 ёшгача, жумладан, ярим фоизи 15 ёшга ҳам тўлмасдан турмушга чиқади. Уларнинг турмуши кўпинча зўравонлик билан амалга оширилади: қарорни ота-она қабул қилади ёки қизни оиласидан шунчаки ўғирлаб кетишади.

Буюк Британия ва Германия каби Европа давлатларида эса турмуш қуриш учун энг яхши ёш 30 ёшдан 34 ёшгача бўлган вақт ҳисобланади, чунки бу ёш гуруҳида ажралишлар камроқ бўлади. Россия, Арманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Украина, Молдова, Франция каби давлатларда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун айнан ўн саккиз ёш этиб белгиланган.

Ўзбекистонда ҳам 2019 йилда никоҳ ёшини эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланиши кўпчиликнинг ижобий фикрига сабаб бўлган эди. Ëшлар орасида ўтказилган сўровномага кўра, 52 фоиз респондентлар қизлар оила қуриши учун 21–23 ёшларни яхши эканини айтган, 34 фоиз респондентлар учун 18–20 ёш, қолган 14 фоиз респондентлар қизлар оила қуриши учун энг мақбули 24 ёшдан катта бўлиши, яъни 12 фоиз иштирокчилар 24–25 ёшни, ва 1 фоиз иштирокчилар 26–27 ҳамда 28–30 ёшларни белгилаган.

Рухсора Машарипова тайёрлади