Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ҳокимликлар ўз мулкини «совға қилиш» давом этмоқда. Когонда фуқаро ўз савдо дўконини шаҳар ҳокимлигига беғараз топширди.

Бухоро вилояти Когон шаҳар ҳокимлигига 6 декабрь куни фуқаро Х.Рашидова шахсий мулки бўлган шаҳар бош бекати ҳудудидаги савдо дўконини топширди.

Фото: «Bugun.uz»

Туман ҳокимлигининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, фуқаро Х.Рашидова ўзига шахсий мулк сифатида тегишли бўлган Когон шаҳар бош бекати ҳудудидаги ҳажми 60 квадрат метр бўлган савдо дўконини Когон шаҳар ҳокимлигига беғараз топшириши тўғрисида ариза ёзган. Шундан сўнг ҳокимлик қарорида ушбу мурожаат ижро учун қабул қилиниши белгиланган.

Ҳокимлик матбуот котибининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда бино бўш турибди ва ҳеч кимга берилмаган. Аммо келажакда бу бино бирор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага турмуш тарзини яхшилаб олиши учун ижара-шартнома асосида берилади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сенатда ҳисобот топширди. Ҳоким қурилиш майдонларида кесилиб, нобуд бўлган дарахтлар борлигини тан олди. Ғофур Ғулом боғидаги дарахтлар муаммосига ҳам тўхталди.

Олий Мажлис Сенатининг 16 декабрь кунги ялпи мажлисида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳудудларини ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангни сув сепиб, бостириш чораси етарлича кўрилмаётгани атмосфера ҳавосига чангнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келаётгани таъкидланди.

Ҳоким, шунингдек, қурилиш майдонларида қанчадан-қанча дарахтлар кесилиб кетганини тан олган.

«Мен уни тан оламан. Қурилиш майдонларида кесилиб кетган, нобуд бўлган дарахтлар бор. Буни ҳам тан оламан. Лекин охирги пайтда сувнинг ер сатҳидан пасайиши бу қурилишларга асло боғлиқ эмас. Чунки дунёда экологиянинг ўзгариб бориши фақат Тошкентга эмас, умуман, бутун дунёга таъсир ўтказмоқда», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Тошкент шаҳар ҳокими Ғофур Ғулом боғи масаласига ҳам тўхталди. Ортиқхўжаев у ердаги ободонлаштириш ишлари қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

«Ғафур Ғулом парки икки йил олдин инвесторга берилган. Бизга кўрсатган, Президентга кўрсатилган лойиҳасида ҳеч бир дарахтни кесмаслик, пляж зоналарини қолдириш, реконструкция қилиш ва қўшимча янги аттракционлар қуриш белгиланган эди.

Лекин инвестор, мана, бир йилдан ошди, ўзига қўйилган вазифаларни бажармади. Мен буни қайта кўриб чиқишни таклиф қиламан. Буни қайта кўриб чиқамиз», — деган Тошкент ҳокими.

Ўзбекистон АҚШ бошлаб берган бойкотга қўшилмайди. Мамлакат делегацияси Пекин шаҳрида старт оладиган XXIV Қишки Олимпия ўйинларида иштирок этади.

Пекин шаҳрида старт оладиган XXIV Қишки Олимпия ўйинлари бошланишига роппа-роса 50 кун қолди. Айни пайтда ўзбекистонлик спортчиларнинг Пекин–2022 қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлиги қизғин давом этмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» манбасига кўра, АҚШ томонидан илгари сурилган Пекин Қишки олимпиадасини дипломатик бойкот қилиш ташаббуси Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланмайди.

Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ президенти Байден маъмурияти Хитойнинг Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши баёнот сифатида 2022 йилда бўлиб ўтадиган Қишки олимпиада ўйинларига ҳеч қандай дипломатик вакил юбормаслигини маълум қилганди. Шунга қарамай, АҚШ спорт жамоаси маъмурият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади ва улар мусобақада иштирок этади.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу бойкотга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Қисқа хабарлар пунктларда:

  • Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи, «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминотининг 2 нафар ходими жами 3 нафар шахсга Жиноят кодексининг 116, 214-моддалари билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди;
  • Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Кореяда бўлиб турибди;
  • Саудия Арабистони Умра ва Ҳаж мавсумида айрим вакциналарни тан олмаяпти. Вазият ўзгарадими?

Хўш, оламда нима гап?

АҚШда собиқ президент Кеннедининг ўлдирилишига оид қўшимча маълумотлар эълон қилинди.

Ошкор қилинган ҳужжатлардан бирида расман қотил деб ҳисобланган Ли Харви Освальд Кеннеди ўлдирилишидан бир неча ой олдин Куба ва СССР элчихоналарига виза аризаси билан боргани қайд этилган. Бошқа ҳужжатда Освальд СССР элчихонаси консули билан учрашгани ҳақида хабар берилган. Таъкидланишича, у Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, СССР Давлат хавфсизлик қўмитасининг «шартнома бўйича қотиллик» бўлими билан чамбарчас боғлиқ бўлган.

Фото: «The Conversation»

Келтирилишича, Жон Кеннедининг ўлдирилиши ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қилишни бошлашга туртки берган 1992 йилда қабул қилинган қонунда ҳужжатларнинг барчаси 25 йил ичида, яъни 2017 йилнинг октябригача эълон қилиниши шарт экани кўрсатилган. 1992 йилнинг июль ойида Миллий архивлар бошқармаси ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни бошлаган, бироқ уларнинг айримларини чиқариш АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трампнинг илтимосига кўра кечиктирилган. Сўнгги ҳужжатлар 2022 йил 15 декабрда эълон қилиниши айтилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.