Европа беш ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, ноябрь ойида Европа Иттифоқининг дори воситаларини тартибга солувчи органи 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун «Pfizer» вакцинасини тасдиқлаган. «Омикрон» инфекциялари сони ортиб бораётган Дания ва Австриянинг айрим ҳудудларида ноябрь ойидан бошлаб ёш болаларга эмлаш таклиф қилинган. Қўшма Штатлар болаларни эмлаш бўйича етакчига айланган, жумладан, мамлакатда 5 дан 11 ёшгача бўлган беш миллиондан ортиқ бола эмланган.

Германиянинг баъзи шаҳарлари болаларни музейлар ва ҳайвонот боғларида эмлашни, бошқалари эса мактаблардан ташқарида мобил эмлаш гуруҳларини яратишни режалаштирган. Европада ковидга қарши эмлаш бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга Испания 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни эмлаш кампаниясини бошлашини айтган, тахминан, 3,3 миллион киши ушбу ёш гуруҳига киритилган.

Таъкидланишича, мамлакатда ўтказилган ижтимоий сўровлар шуни кўрсатдики, 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналарининг 74 фоизи ўз фарзандларини эмлашни хоҳлайди. Францияда эмлашлар фақат оғир касалликка чалиниш хавфи бўлган беш ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун тасдиқланган, бироқ ҳукумат эмлашни барча болаларга ихтиёрий равишда узайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Аввалроқ «омикрон» штамининг иккита ноодатий аломати аниқланганди. Шунингдек, коронавируснинг яна бир хавфли аломати маълум қилинганди.