Бухоро вилояти Когон шаҳар ҳокимлигига 6 декабрь куни фуқаро Х.Рашидова шахсий мулки бўлган шаҳар бош бекати ҳудудидаги савдо дўконини беғараз топширди. Бу маълумотни ҳокимлик матбуот котиби «Bugun.uz»га тасдиқлади.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, фуқаро Х.Рашидова ўзига шахсий мулк сифатида тегишли бўлган Когон шаҳар бош бекати ҳудудидаги хажми 60 метр квадрат бўлган савдо дўкони Когон шаҳар ҳокимлигига беғараз топшириши тўғрисида ариза ёзган. Шундан сўнг ҳокимлик қарорида ушбу мурожаат ижро учун қабул қилиниши белгиланган.

«Bugun.uz» мухбири ҳокимлик билан боғланиб, мазкур бинодан нима мақсадда фойдаланишига ойдинлик киритди. Матбуот котибининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда бино бўш турибди ва ҳеч кимга берилмаган.

«Келажакда бу бино бирор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага турмуш тарзини яхшилаб олиши учун ижара-шартнома асосида берилади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига фуқаро «Mercedes-Benz S500» совға қилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳоким ўз қарорида автотранспорт воситасини белгиланган тартибда қабул қилиб олиш ва техник кўрикдан ўтказиб, ундан самарали фойдаланиш бўйича топшириқ берган. Кейинчалик пойтахт ҳокимлигига совға қилинган «Mercedes» Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилган.