Тошкентда 15 декабрь куни Британия Кенгаши (British Council)нинг Ўзбекистондаги фаолиятига 25 йил тўлгани муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги имтиҳон жараёнларини такомиллаштириш бўлими бошлиғи Андрей Максаков Ўзбекистонда IELTS имтиҳони нархлари қандай шаклланиши ҳақида «Bugun.uz» мухбирига маълумот берди.

Фото: «World.uz»

Дунёнинг 110 мамлакатида мавжуд бўлган Британия Кенгаши 1996 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият олиб боради. Ташкилот — маданият, санъат ва таълим соҳаларидаги кўплаб лойиҳаларни амалга оширади. Шу билан бирга Британия Кенгаши республика ҳудудидаги IELTS имтиҳонини ташкил этувчи икки ташкилотдан биридир. Ҳозирда Ўзбекистонда IELTS имтиҳони топшириш учун 1 887 600 сўмдан 2 264 800 сўмгача тўлов қилиш керак бўлади. Ташкилот ходими нарҳ сиёсати бўйича изоҳ бериб ўтди.

Фото: British Council

«IELTS имтиҳонларини ташкил этишда 3 та ҳамкор ташкилот бор. Булар Кембриж, Британия Кенгаши (British Council) ва IDP. Кембриж материалларни тайёрловчи, IDP ва Британия Кенгаши эса тест жараёнларини амалга оширувчи ташкилот саналади. Бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик шу икки ташкилотга боғлиқ ҳолда бўлади.

Имтиҳон нархлари арзон эмас. Глобал миқёсда минтақалар учун нархлар муҳокама қилинганда биз доимо аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиб, фикр билдирамиз. Биз жадал ривожланаётган мамлакат бўлсак ҳам нархлар биз учун долзарб савол. Айниқса, вилоятлардан ҳам тест топширувчилар борлигини ҳисобга олсак. Шу сабаб нархлар ошмаслиги тарафдоримиз. Лекин бир нечта факторлар бор. Улар орасида энг муҳимларидан бири — бу IELTS премиал маҳсулот эканлигидир. Бундай маҳсулотлар эса қиммат бўлади. Чунки IELTS катта имкониятлар эшигини очади. Яъни «High stakes»(ставкаси баланд) маҳсулот, бу турдаги маҳсулотлар эса арзон бўлмайди. Билимингизни текшириб бериши мумкин бўлган бошқа 10–20 долларлик онлайн тестлардан фойдаланишингиз мумкин, лекин бунда баъзи ноаниқликлар: бу тестлар билимни қанчалик ишончли, тўғри баҳолаб бериши мумкинлиги ҳақида саволлар пайдо бўлади. Бу сертификатни ким тан олади, деган саволлар келиб чиқади.

Бундан ташқари, керак бўладиган инфраструктурани тайёрлашга кетадиган харажатлар ҳам тест нархига келиб қўшилади. Тест олиш учун маълум миқдорда ходимлар керак, биз уларни ўқитишимиз керак, вилоятларда тестлар ўтказганимизда уларни жўнатишимиз керак бўлади. 2018 йилгача вилоятларда IELTS имтиҳонлари ўтказмаганмиз. Имтиҳонлар фақат Тошкентда бўларди ва аҳоли тестнинг ўзига ва бошқа (келиб-кетиш) харажатлари учун кўп пул сарфлашарди. Шу сабаб биз ҳозирда тестларни вилоятларда ҳам ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Мана унча узоқ вақт бўлмади, талабларга кўра имтиҳонларимизда ҳар бир номзод учун алоҳида қулоқчинлардан ҳам фойдалана бошладик. Бу харажатлар тест тўловларидан қопланади. Ҳозир Тошкент ва вилоятларда стандартлар бир хил ва имтиҳон топшириш учун ҳозирда Тошкентга келишга ҳожат йўқ», — деди Андрей Маскаков.

Шунингдек, Британия Кенгаши вакили ҳозирда қўшни давлатларда IELTS топшириб, баландроқ балл тўплаш мумкинлиги ва шунга ўхшаган бошқа миш-мишлар юзасидан фикр билдириб ўтди.

«Бундай нарса йўқ. Биз эндиликда ‘myth busting’, яъни IELTS ҳақида афсонани бузиш номли сессиялар ўтказмоқчимиз. Чунки одамларда IELTS баҳоланиши, баллар ҳисоб-китоби ҳақида турли тушунмовчиликлар мавжуд. Одамлар орасида, мисол учун, Қозоғистонга бориб баландроқ балл олишим мумкин ёки тестни IDP’да топширганда баландроқ, British Council’дa топширганда камроқ балл олиш мумкин деган чўпчакларни йўқотишимиз керак. Булар асоссиз гаплар. Бундай миш-мишларга ишониб юрадиган одамлар аслида барча жараёнлар Кембриж томонидан бошқарилишини тушунишмайди. Бу ташкилот тестларни тузади ва жавоблар бир хил стандартда баҳоланишини кафолатлайди. Британия кенгаши ҳам, IDP ҳам фақатгина тестларни етказиб бериш ва жараённи ташкиллаштириш билан шуғулланади, холос. Баҳолаш билан улар шуғулланмайди. Номзод ўзига қулай, яқинроқ ёки ўз шаҳрида жойлашган провайдерни танлаб, тест топширавериши мумкин», — деди у.

Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистон дунё бўйича инглиз тилини билиш рейтингида 112 давлат ичида 88-ўринни эгаллаган эди.

Аввалроқ Ўзбекистонда халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл тўплаганларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши айтилганди.