Ўзбекистонда «Очиқ рақамли экотизим» ахборот тизимлари мажмуаси ичида марказлаштирилган электрон логистика тизими яратилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, марказлаштирилган электрон логистика тизими Президентнинг Рақамли трансформация маркази негизида ишга тушириладиган «Очиқ рақамли экотизим» доирасида яратилади. Бош вазир ўринбосари бу логистика тизими орқали тадбиркорлар учун ҳам ички ҳам ташқи бозорларда товарларни етказиб бериш имконияти пайдо бўлишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни Президент «Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Мазкур ҳужжат Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган масалалар ижросини таъминлаш, шунингдек, электрон тижорат соҳасидаги платформалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аккредитив бўйича ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш мақсадида қабул қилинган.

Унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг электрон тижоратнинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасини 2022 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқулланган. Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Рақамли трансформация маркази этиб қайта ташкил этилиши айтилган.

Сардор Умурзоқов назарда тутган Марказлаштирилган электрон логистика тизими шу қарорда қайд этилган «Очиқ рақамли экотизим» доирасида яратилади.

Аввалроқ Ўзбекистон логистика харажатларини 2 баробаргача қисқартириш имконини берадиган «Шимол–Жануб» халқаро транспорт йўлагига қўшилганди. Шунингдек, мамлакатда 2022 йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилаётгани айтилган.