17:21 | 16.12.21 153

«Ўзбекистонга 2 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги пиротехника воситалари олиб кирилиши тўхтатилди» — Миллий гвардия

Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг 11 ойи давомида аниқланган

АОКАда 16 декабрь, пайшанба куни Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари иштирокида ўтказилган брифингда 2021 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 2 177 503 032 сўм қийматдаги пиротехника воситалари олиб кирилиши тўхтатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Миллий гвардия ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 11 декабрь кунига қадар ноқонуний пиротехника буюмларининг олиб кирилишига, мамлакат ичида сақланиши, сотилиши ва ишлатилишига йўл қўймаслик мақсадларида қатор тадбирлар амалга оширилиб келинган. Хусусан, ҳуқуқбузарлардан 753 та ҳолат бўйича 2 177 503 032 сўм қийматидаги 5 947 689 дона пиротехника воситаси олиб қўйилган.

Шунингдек, 54 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, кўриб чиқиш учун 375 та материал судларга ва 277 таси вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга юборилган. Бундан ташқари, 6 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда 63 миллион сўмлик пиротехника воситаларини олиб кетаётган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга Фарғонадаги хонадонларнинг бирида чорак миллиард сўмлик пиротехника воситалари аниқланганди.