Коронавирус пандемиясининг тугашига сабаб бўладиган яна бир омил маълум қилинди. Бу ҳақда россиялик вирусолог, Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология илмий маркази бош илмий ходими Анатолий Альтштейн «Lenta» нашрига хабар берди.

Фото: «The Local France»

Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси нафақат инсон фаолияти, балки вирусларнинг табиати туфайли ҳам тугаши мумкин. Чунки содир бўлаётган мутациялар вирусга салбий таъсир кўрсатиб, уни кучсизлантиради.

«Биз ҳар доим мутацияни ёмон нарса деб ўйлаймиз. Аммо шуни билиш керакки, мутация кўп жиҳатдан биз учун эмас, балки вирус учун ёмон ҳисобланади», — дейди профессор.

Унинг сўзларига кўра, вируснинг генетикаси кўпайишни талаб қилади, аммо бу жараён у учун фойдали ҳисобланмайди. «Вирус чексиз кўпая олмайди, чунки бу уни кучсизлантириб боради. Натижада вируснинг яшаши қийинлашади, у бироз секинроқ ишлай бошлайди, кучсизроқ кўпаяди, шунингдек, юқумлилик даражаси ҳам пасаяди», — дейди эксперт.

Унинг айтишича, айни шу сабабли ҳам ўлим даражаси аста-секин камайиб бормоқда. «Агар дастлабки босқичда ўлим даражаси ўртача 5 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир у тахминан 1,6 фоизни ташкил этади, бу 3 баробарга кам дегани», — дейди Альтштейн ва коронавируснинг ўта хавфли штаммлари пайдо бўлишини кутмаслик кераклигини қўшимча қилган ҳолда.

Аввалроқ коронавирус пандемиясининг тугашига оид ижобий прогноз эълон қилинганди. Шунингдек, «омикрон» штами пандемияни тугатиши мумкинлиги айтилганди.