Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича видеоселекторда Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда «duty-free» дўконларини ташкил этиш орқали чакана савдо ҳажмини 2–3 баробарга ошириш мумкинлигини таъкидлади. Ҳўш, Президент нутқида айтиб ўтган дўконлар ўзи қанақа бўлади? Бу тадбиркор ва истеъмолчилар учун қандай қулайлик яратади?

Фото: «Bugun.uz»

«Duty-free» дўконлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд бўлиб, у бошқа турдош дўконлардан сотувдаги маҳсулотларига божлар ва баъзи солиқлар солинмаслиги билан фарқланади. «Duty-free» сўзининг маъноси ҳам инглизчадан таржима қилинганда (duty-free) «бождан озод» деган маънони англатади.

Юқорида таъкидланганидек, бундай дўконларда сотиладиган товарлар айрим солиқлар ва божлардан озод қилинади. Лекин бундай дўконлардан маҳсулот сотиб олишнинг бир шарти бор. Улардаги товарлар сотиб олинганидан кейин мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши лозим. Шу сабабли бундай дўконлар асосан мамлакатдан чиқиб кетиладиган жойларда (портлар, аэропортлар, вокзаллар) фаолият кўрсатади. Ўзбекистон ташкил этилиши таклиф этилган шаҳарларда эса туризм салоҳияти юқори бўлиб, хорижий сайёҳлар хариди учун солиқ олинмаслиги, ушбу товарлар экспорт сифатида кўрилиши билан изоҳланади.

Дунё бўйлаб «duty-free» дўконларида асосан алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, парфюмерия, бижутерия (арзон материаллардан тайёрланадиган тақинчоқлар), заргарлик буюмлари, мобил телефонлар, соатлар ва қандолат маҳсулотлари сотилади.

Дунёдаги биринчи «duty-free» дўкони 1947 йилда Ирландиядаги Шаннон аэропортида Брендан О’Рэган томонидан очилган ва ҳозиргача фаолият юритиб келади. Дўкон ёнилғи қуйиш учун тўхтаган самолётлар йўловчиларига хизмат кўрсатиш мақсадида очилган. Биринчи дўкон очилиши биланоқ «duty-free»лар дарҳол машҳурликка эришган ва шунга ўхшаш дўконлар бутун дунёда пайдо бўлган.

1966 йилга келиб аэропортлардаги «duty-free» дўконлари Халқаро ассоциацияси ташкил этилган.

Дунёдаги энг йирик «duty-free» дўконлари тармоғи «Dufry» ҳисобланади. Компаниянинг бош офиси Швейцариянинг Базель шаҳрида жойлашган. «Dufry» тармоғи дунё бўйлаб 58 мамлакатда 1650 та дўконга эгалик қилади. Корхонанинг йиллик айланмаси 4 миллиард Швейцария франки (таҳминан, 47 триллион сўм)дан сал кўпроқ бўлиб, даромадининг 87 фоизини аэропортлардаги савдодан олади.

«Generation Research» маълумотларига кўра, дунёда аэропортлардаги энг йирик чакана савдо билан шуғулланувчи компания «Dubai Duty Free» ҳисобланади. Компания ўз фаолиятини 1983 йилнинг 20 декабрида бошлаган ва ҳозирда 7600 нафар ходимга эга. Унинг савдо айланмаси 2019 йил маълумотларига кўра 2,029 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Корхона Дубай халқаро аэропортида (26 000 м² майдонда) ва Ал-Мактум халқаро аэропортида (2500 м² майдонда) савдо қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 14 декабрдаги йиғилишда айтилган «duty-free» дўконларини очиш ҳақида аввал ҳам айтилганди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 22 февраль куни ўтказилган, туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам Ўзбекистонда аэропортларда фаолият юритадиган «duty-free» тизимидаги савдо шохобчаларини туристик шаҳарларда ҳам очиш кераклиги таъкидланганди.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади