Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 42 ёшли эркак 10 октябрь куни кўчадан ўлик ҳолда топилди. «Daryo»нинг маълум қилишича, эркак ўлдириб кетилган бўлиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан дастлабки маълумотни эълон қилди. Унга кўра, хабарда кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Ғузор тумани прокуратураси томонидан қўшимча равишда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан текшириш устидан назорат ўрнатилган. Натижаси ҳақида хабар қилинади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қашқадарёда ёлланма қотиллар эркакни 44 марта пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шаҳрисабз туманида эрини ўлдириш мақсадида қотиллар гуруҳини ёллаган аёл 13 йилдан ортиқроқ муддатга қамалган. Шунингдек, воқеада иштирок этган Б.С.га 21 йилу 6 ой, А.И. ва Ж.Х.га 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.