Инсон ҳуқуқларини таҳлил қилиш ва тадқиқот маркази энг кўп одам ўғирлаш бўйича давлатлар рўйхатида Гаити биринчи ўринни эгаллаганини маълум қилди. Бу ҳақда «Regnum» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, мазкур мамлакатда 2021 йилнинг январидан шу кунгача 949 та одам ўғирлаш ҳолати қайд этилган. Ташкилот томонидан эълон қилинган ҳисоботда 2020 йилда одам ўғирлаш сони (796 киши) 2021 йилга нисбатан 20 фоизга ошгани айтилган.

Қурбонлар орасида беш миллатга мансуб 55 нафар хорижлик ҳам бўлгани, улар 16 октябрдан бери жиноий гуруҳлардан бири томонидан ушлаб турилгани ва фақат беш нафари озод этилгани айтилган.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани таҳлил қилинган, шунингдек, полиция ходимлари томонидан содир этилган қотилликлар сони 19,2 фоизга ошгани, бу 2018 йилга нисбатан уч баробар кўплиги қайд этилган.

Аввалроқ Гаити президенти ўз қароргоҳида отиб ўлдирилгани ва унинг дафн маросимида отишма содир бўлгани маълум қилинган.