Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати 16 декабрь куни қирғиз–тожик чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Tajik Press»

Маълум қилинишича, можарога Боткен вилояти Кочо-Бою чегара ҳудудларидаги қурилиш сабаб бўлган. Қирғизистонга кўра, Кочо-Бою қишлоғида тожик чегарачилари қирғиз ишчиларидан қурилиш ишларини тўхтатишни талаб қилган. Оғзаки бошланган ўзаро можаро оқибатда муштлашувга айланган. Тўқнашув вақтида тожик чегарачиси тўппончадан ҳавога бир неча марта ўқ узган.

Тожикистон маълумотларига кўра, Қирғизистон хавфсизлик кучлари тинч аҳолига қарата ўт очган, бунга жавобан тожик армиясининг ҳарбий хизматчилари улар томон бир неча марта ўқ узган. Ҳозир қирғиз–тожик чегарасида вазият тинч экани қайд этилган. Иккала томон ҳам воқеани текширишга келишиб олган.

Аввалроқ Тожикистон чегара яқинида қирғиз аскарига ҳужум қилинганини рад этганди. Шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.