Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида қум бўрони сабабли кучли чанг ёпирилди. Бу ҳақда «Kazinform» хабар берди.

Кадр: Telegram / @sputnikKZ

Маълум қилинишича, қум бўрони акс этган видео ҳайдовчилар томонидан тарқатилган. Улар кўриш имконияти ноль даражани ташкил қилишини қайд этган. Табиий ҳодиса юзасидан Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги мурожаат билан чиққан.

«Ҳурматли йўл ҳаракати қатнашчилари, Дўсор–Қулсари–Бейнеу-Сай–Утес–Шетпе–Жетибай–Ақтау автомобиль йўлининг Шетпе–Жетибай участкасининг 686–690-километрида юзага келган чанг бўрони сабабли узоқ масофага ҳаракатланмасликни сўраймиз. Агар йўлда бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилинг», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош вилоятида кучли шамол кузатилиши хабар берилганди.