Олий Мажлис Сенатининг 16 декабрь кунги ялпи мажлисида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳудудларини ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда Юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ҳисоботда Тошкент шаҳрида оқова сувини қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5–51,3 фоиз қувват билан ишлаётгани айтилди.

Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангни сув сепиб, бостириш чораси етарлича кўрилмаётгани атмосфера ҳавосига чангнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келаётгани таъкидланди.

«Аҳамият бериб қарасангиз, охирги йилларда дарахтларнинг умуман эгаси бўлмаган. На Экологияга қарашли бўлган, на ҳокимиятга. Ким қаерга хоҳласа, дарахт эккан. Экиш керак бўлмаган жойга экиб, экилиши керак бўлган жойлар бўш қолдирилган ҳолатлар ҳам бор.

Бу ҳолат Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган экологик полиция томонидан назоратга олинди. Шунингдек, ҳокимлик қошида Рақамлаштириш маркази ташкил этилди. Ҳозирда ҳар бир дарахтни аниқ ҳисобга олиб, бошқарувини йўлга қўйяпмиз. 

Ҳақиқатда, кесилиб кетган жойлар бор. Тўғридан-тўғри бу ерга ёрдам беролмай қолган жойлар ҳам бор, айбдор жойлари ҳам бор. Мен уни тан оламан. Қурилиш майдонларида кесилиб кетган, нобуд бўлган дарахтлар бор. Буни ҳам тан оламан.

Лекин ҳозирги охирги пайтда сувнинг ер сатҳидан қочиши бу қурилишларга асло боғлиқ эмас. Чунки дунёда экологиянинг ўзгариб бориши фақат Тошкентда эмас, умуман, бутун дунёда ер сатҳидан сув пасайиши кузатилмоқда», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 9 ноябрь куни ёшларга оид давлат сиёсатида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида пойтахтда кузатилган чанг бўрони борасида фикр билдирганди. 

«Тошкентга ёғилган чанг масаласига келсак, у Қозоғистондан келди ва яна Қозоғистонга қайтиб кетди. Бу чанг Тошкентдан бошланмаганига ҳар қандай уқувсиз одамнинг ҳам фаҳм-фаросати етади. Узоқ-узоқлардан катта қум заррачалари келгунича майдаланиб, заррачага айланган бўлиши эҳтимоли бор.

Лекин мен эколог ҳам, бошқа ҳам эмасман, фикримча, чанг Тошкентда кўтарилиб, Тошкентда бошланмаган. У Қозоғистондан Самарқандга ўтиб, Гулистонга борди ва Тошкентга келди ва бу ердан Наманганга ва яна Қозоғистонга чиқиб кетганини экологлар айтишди», — дея таъкидлаганди ҳоким.