Ўзбекистонлик мигрантлар Россиядан амалга оширилган пул ўтказмалари бўйича энг юқори натижани кўрсатгани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия банки маълумотларига таяниб, «Коммерсант» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг учинчи чорагида Россиядан собиқ СССР мамлакатларига жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 6 йиллик рекордни янгилаган ва 2,29 миллиард долларга етган. Охирги марта меҳнат муҳожирлари 2015 йилнинг иккинчи чорагида уйига кўпроқ пул олиб борган, ўшанда бу кўрсаткич 2,31 миллиард долларни ташкил қилган.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг июль-cентябрь ойларида маблағ олувчилар орасида Ўзбекистон энг юқори натижани кўрсатган. Мамлакат фуқаролари ушбу давр оралиғида 1,01 миллиард долларлик пул ўтказмларини амалга оширган. Ундан кейинги ўринларни Тожикистон (530 миллион доллар) ва Қирғизистон (430 миллион доллар) эгаллаган.

Пул ўтказмалари ҳажми ўсишининг асосий сабабларидан бири ишчи кучининг тақчиллиги туфайли корхоналар, биринчи навбатда, қурилиш ва уй-жой секторидаги ташкилотларнинг мигрантларни ишга олгани бўлган. Хусусан, 2021 йил январь–сентябрь ойларида 9,2 миллион киши рўйхатга олинган, 2020 йилда эса уларнинг сони 7,5 миллион кишини ташкил этган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, дастлабки уч чоракда 1,6 миллион патент берилган, бу 2020 йилга нисбатан икки баробар кўп дегани.

Аввалроқ Ўзбекистон 2021 йилда Россияга борган мигрантлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистондан Россияга 10 минг мигрант махсус лойиҳа асосида юборилиши маълум қилинганди.