Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси 1–9 декабрь кунлари Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича хизмат сафарида бўлди. Ўзбекистонда таклиф этилган айрим вакциналар ҳануз Саудия Арабистони томонидан тан олинмаяпти. Қўмита ва идора делегацияси ташрифидан сўнг бу масала бўйича ўзгариш бўлмади, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Getty Images»

Саудия Арабистон Подшоҳлиги ҳукумати 2021 йил августдан бошлаб Умра тадбирини карантин талаблари асосида ташкил этиш чораларини кўраётгани маълум қилганди. Шунга мувофиқ, Умра зиёратчилари АҚШда ишлаб чиқарилган «Pfizer», «Moderna», «Johnson&Johnson» ёки Буюк Британиянинг «Astra Zeneca» вакциналари билан эмланиши лозим.

Ар-Риёд талаби билан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ўзбекистонлик зиёратчиларни «Moderna», «Astra Zeneca» ва «Pfizer» вакциналарининг бири билан эмлаш ишларини ташкил этишни сўраб, мутасаддиларга мурожаат этганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакилликларида сақланаётган менингитга қарши вакцина билан эмлаш зарурлиги таъкидланади.

Аввалроқ Ўзбекистон делегацияси 2021 йил декабрь ойи бошида карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича подшоҳлик муассасалари билан музокаралар олиб боргани хабар қилинганди.

Таъкидланишича, карантин тартибларига мувофиқ меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин.