Шавкат Мирзиёев Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан мамлакат биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев ва президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга қутлов йўллаб, уларга ва қардош Қозоғистон халқига ўзининг энг эзгу тилакларини билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, мактубда ўтган давр мобайнида мамлакатда барқарор ўсишни таъминлашга қаратилган тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда дўст Қозоғистон давлати барча соҳаларда юксак тараққиётга эришаётгани қайд этилган.

«Асрлар давомида халқларимиз ўртасида давом этиб келаётган ўзаро аҳиллик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётгани бизни, айниқса, қувонтиради», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Президент 5-6 декабрь кунлари Қозоғистонга амалга оширилган давлат ташрифи давомида кечган очиқ ва сермаҳсул музокараларни алоҳида қайд этди. Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида имзоланган декларация, самарали мулоқот механизмларини яратиш ташаббуси, қатор йирик қўшма лойиҳалар бўйича эришилган муҳим келишувлар, келгуси йилнинг мамлакатда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши, ҳеч шубҳасиз, яқин дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги алоқаларни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.

Мактублар якунида Элбоши Нурсултон Назарбоев ва президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга сиҳат-саломатлик, туганмас куч-қувват ва янги зафарлар, биродар Қозоғистон халқига эса тинчлик-омонлик, фаровонлик, бахту-саодат ва доимий тараққиёт тилаклари изҳор этилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетгани айтилганди.