Тожикистон прокуратураси норозилик намойиши бўлиб ўтган Хоруғдаги вазият юзасидан баёнот берди

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хоруғдаги фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Тоғли Бадахшон автоном вилояти прокуратурасига таяниб, «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «360tv.ru»

Аниқлик киритилишича, музокаралар 13 декабрь куни кечқурун бўлиб ўтган. Йиғилишда мамлакат ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймуин Ятимов ва Тоғли Бадахшон автоном вилояти прокурори Парвиз Орифзода иштирок этган. Фуқаролик жамияти вакилларидан ҳуқуқшунослар — Манучеҳр Холиқназаров ва Музаффар Муборакшоён сўзга чиққан.

Йиғилишда вилоят прокуратураси вакили 25–28 ноябрь кунлари Хоруғ шаҳрида содир бўлган воқеалар, суд-тиббий экспертиза, тергов гуруҳи аъзоларининг фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлиги ҳақида маълумот берган. Жамоатчилик вакиллари тергов жараёнидан мамнун эканини билдириб, терговга оид бир қанча муҳим саволлар берган. Жараён сўнгида музокара иштирокчилари тергов ҳаракатлари жараёни республика қонунчилиги талаблари асосида давом эттирилишига келишиб олган.

Хоруғда нима бўлганди?

Тоғли Бадахшон автоном вилояти маъмурий марказида 25 ноябрь куни Гулбиддин Зиёбеков ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказиш ва айбдорларни жазолаш талаби билан норозилик акцияси ўтказилган.

Прокуратура маълумотларига кўра, Зиёбеков одамларни гаровга олгани ва нафрат уйғотгани учун қидирувда бўлган ва қўлга олиш вақтида қуролли қаршилик кўрсатгани учун хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг вазият 28 ноябрь якшанба куни кечқурун изига тушган.

Расмийларнинг аниқлик киритишича, прокуратура ваколатига кирувчи масалалар Тожикистон қонунчилигига мувофиқ фуқаролик жамияти вакиллари билан биргаликда текширилади, баҳоланади ва ҳал қилинади.

Аввалроқ Тожикистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жарима миқдори оширилганди. Шунингдек, Тожикистон бир масалада Россиядан ёрдам сўраганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз