Тошкент метрополитенида 15 декабрь куни поезд «Чилонзор» йўлининг Олмазор–Буюк Ипак йўли йўналишида эшиги очиқ ҳолда ҳаракатланди. Метрополитен ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Аниқланишича, йўловчиларнинг эшикка суяниши оқибатида меъёридан ортиқ юклама тушиб, ўша вақтда вагон эшикларининг блокиратори носоз аҳволга келган. Машинист ушбу ҳолатдан хабар топган, аммо туннель ичида йўловчиларни ортиқча ваҳимага солмаслик учун «Халқлар дўстлиги» метро бекатидан «Пахтакор» метро бекатига етиб келган. 

«Айнан шу бекатда вагон эшигидаги муаммо бартараф этилган. Ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса рўй бермаган, жабрланганлар йўқ. Шу ўринда, метро йўловчиларидан вагон эшикларига суянмаслик, эшиклар ёпилиш чоғида вагон ичига ва ташқарисига томон ҳаракатланмасликларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Тошкент метрополитенидаги поездларнинг бирида 22-сентябрь куни яна носозлик келиб чиққанди. «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га изоҳ берган.