Тошкент вилоятида 5 кишини пичоқлаб ўлдирган йигитга умрбод қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 1997 йил Андижон вилояти Шаҳрихон туманида туғилган Шавкат Исмоналиев 2018 йил ёз фаслида иш излаб Қибрай тумани Байтқўрғон ҳудудига борган. У ерда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қурилишида ишлаш давомида муқаддам турмушидан ажрашиб, икки нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаётган, ўзидан 11 ёш катта — 1986 йилда туғилган М.А. билан танишган.

Улар 2021 йил май ойигача ўзаро ишқий муносабатда бўлиб келган. 2021 йил 11 май куни йигит ишлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетган. Бу орада у ердан М.А.га тинимсиз қўнғироқ қилиб, SMS хабарлар жўнатиб, ўрталаридаги ишқий алоқаларни қайта тиклашни, акс ҳолда уни фоҳиша сифатида ўзини ҳамда яқин қариндошларининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлашини айтиб қўрқитган.

М.А. унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйгандан сўнг йигит у билан жинсий алоқада бўлган вақтида яланғоч ҳолатда суратга олган ва ўз уяли телефонида сақлаб келаётган видеокадрларни уятли ёзувлар билан Instagram саҳифасига жойлаган. Шундан сўнг у аёлни қасддан ўлдиришни мақсад қилган. 2021 йил 25 июль куни тунда Москва–Тошкент йўналишидаги рейс билан Тошкентга учиб келган. 26 июль куни эрталаб соат 08:00 да Чирчиқ шаҳар деҳқон бозорига келиб, у ердан 30 минг сўмга ошхона пичоғини сотиб олган. У ердан «Matiz» русумли таксига ўтириб, М.А.нинг иш жойига, яъни Чирчиқ шаҳридаги «Олмалиқ КМК» АЖ олдига келган.

Такси ҳайдовчисидан уяли телефонини қўнғироқ қилиш учун сўраб олиб, ундан М.А.га қўнғироқ қилган ва гаплашиб олиш учун кўчага чиқишни сўраган. М.А. ишхонадан чиқиб, уни кутиб турган йигитнинг ёнига борганда у аёлни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилиб, юзига шапалоқ урган ва қасддан ўлдириш учун ўзи билан олиб келган ошхона пичоғини унга санчмоқчи бўлганида номаълум ҳайдовчи ҳолатни кўриб қолган. Оқибатда йигит ишини охирига етказа олмай, воқеа жойидан кетиб қолган.

2021 йил 29 июль куни соат 23:30 да олдиндан тайёрланган ошхона пичоғи, тиббий ниқоб ва қўлқопни олиб, М.А. яшайдиган уйга борган. Уйнинг кириш дарвозаси очиқлиги ва ҳовлида чироқ ўчганини кўриб, ҳовлидан ўтиб, уйнинг яшаш хонадонига сездирмасдан кирган ва даҳлизда ухлаб ётган М.А.нинг синглиси — 1988 йилда туғилган М.Е.ни кўриб қолган. Хона қоронғи бўлгани учун уни М.А. деб ўйлаб, пичоқ билан кўкрак соҳасига бир неча маротаба уриб ўлдирган.

Шу пайтда М.Е.нинг бақирган товушини эшитиб, унинг отаси уйғониб қолган. Товуш чиққан томонга келган қизнинг отаси — 1960 йилда туғилган А.Е.ни кўрган йигит қасддан ўлдириш мақсадида унга ҳам ташланган ва унинг кўкрак соҳасига бир неча бор пичоқ уриб, қасддан ўлдирган. Бу орада ҳовлида ухлаб ётган М.А.нинг укаси — 1997 йилда туғилган А.Е. ҳам шовқиндан уйғониб кетган. Ёрдам сўраб бақирган товушларни эшитиб, уй ичкарисига кирмоқчи бўлганда у ҳам йигитга дуч келган. Қотил унинг кўкрак қафаси ва чап қўлтиқ соҳасига бир неча маротаба пичоқ тиқиб ўлдирган.

Шу куни бу хонадонда қурилиш ишларини бажариш учун келган ёлланма ишчи — 1984 йилда туғилган Б.Қ. ҳам бўлган. Йигит уни ҳам ерга йиқитиб, кўкрагига пичоқ санчган. Кейинчалик жабрланувчи етказилган оғир жароҳатлари туфайли Қибрай туман марказий касалхонасида вафот этган.

Шундан сўнг у ҳовлидаги темир каравотда ухлаб ётган М.А.ни кўриб, каравот устига сакраб чиққан ва унинг юрак соҳаси ва чап кўз қисмига бир неча марта пичоқ санчиб, қасддан ўлдирган. Шундн сўнг у воқеа жойидан қочиб яширинган.

2021 йил 14 декабрь куни Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ёпиқ суд мажлисида Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси ((Қасддан одам ўлдириш)) 2-қисми «л» банди, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а»,«в»,«г»,«ж»,«л»,«р» бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми «а»,«г»,«р» бандлари, 119-моддаси 2-қисми «г» (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш: ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса) банди, 130-моддаси (Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми «а» банди, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 219-моддаси 1-қисми билан айбланган Шавкат Исмоналиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилган.

Унга кўра,фуқарога кодекснинг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ ушбу қотиллик содир бўлгани хабар қилиниб, иш тафсилотлари очиқланганди.