Туркманистон пойтахтида 15 декабрь куни президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «Яшасин тинч ҳаёт» деб аталган янги шеърига бағишланган «Аркадағнинг тинчлик тамойили — дунё учун намуна» номли тантанали анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, тадбирда маданият ва санъат соҳаси етакчилари, намояндалари, шоир ва носирлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этган. Анжуман аввалида Туркманистон Бош драма театри санъаткорлари давлат раҳбарининг шеърини ўқиб эшиттирган.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг шеърида миллат етакчиси адабий ёндашув асосида замонавий куч-қудрат ва бахт-саодат даврида бетарафлик мақомининг маъноси ҳақида гапирилган. Тадбир иштирокчилари «шеърда халқаро ҳарбий блоклар ва шартномаларга риоя қилмасликка чақириқ ёрқин ва лўнда» тасвирланганини таъкидлаган.

Маълум бўлишича, президентнинг ушбу шеърига мусиқа ҳам ёзилган ва тадбир давомида «Яшасин тинч ҳаёт!», ундан кейин «Сиз билан, Аркадағ» қўшиғи ижро этилган.

Таъкидланишича, президентнинг ушбу шеъри жамоатчиликка 12 декабрь — Бетарафлик куни муносабати билан уюштирилган зиёфатда тақдим этилган.

Аввалроқ Туркманистон президенти Бетарафлик куни шарафига зиёфат уюштирганди. Шунингдек, Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланганди.