Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистондан Қозоғистон ва Россия давлатларига амалга оширилган экспорт кўрсаткичлари бўйича ушбу давлатлар статистика органларининг очиқ маълумотларидаги тафовутлар борлигига изоҳ берди. Унда Қозоғистон давлат даромадлари қўмитаси томонидан фақатгина товарлар импорти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилгани, бунда хизматлар импорти тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилмагани таъкидланган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь–октябрь ойлари якуни бўйича Ўзбекистондан Қозоғистонга 951,4 миллион долларлик экспорт амалга оширилган бўлиб, шундан товарлар экспорти 830 миллион доллар, хизматлар экспорти 121,4 миллион долларни ташкил этган.

Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистондан 833 миллион долларлик импорт амалга оширилган. Шунда Ўзбекистон томонидан хизматлар экспорти инобатга олинмагани иддао қилинмоқда.

Шунингдек, 2021 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунига кўра, Ўзбекистондан Россияга 1 миллиард 463 миллион долларлик, жумладан, 1 миллиард 209 миллион долларлик товарлар ва 254 миллион долларлик хизматлар экспорти амалга оширилган. Россия божхона хизмати маълумотларига кўра эса 2021 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистондан 1 миллиард 170 миллион долларлик товарлар импорти амалга оширилган бўлиб, хизматлар импорти ҳисобга олинмаган.

«Муҳокамаларга сабаб бўлган ташқи савдо айланмасидаги рақамларда эса (Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларида) товарлар ва хизматлар экспорт ҳажмлари биргаликда акс эттирилган. Ҳамкор давлатлар (Қозоғистон ва Россия) статистик кўрсаткичларида эса фақат товарлар ҳажми кўрсатилган», дейилади хабарда. Шунинг билан вазирлик фарқ қилаётган рақамлар ҳажми хизматлар экспорти ҳиссасига тўғри келишини маълум қилган.

Аввалроқ журналист Баҳодир Абдуллаев мақоласида Ўзбекистоннинг импорт ва экспорт статистикаси ҳамда Қозоғистон ва Россия расмий маълумотлари ўртасида тавофут юзага келгани ёзилганди. Унда Россия ва Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича расмий статистикасида оз эмас, 600 миллион долларлик фарқ мавжудлиги таъкидланган. Шунингдек, импорт ҳажми ҳам, экспорт ҳажми ҳам кескин фарқланганиши таъкидланган.

Бундан ташқари, юқоридаги каби ҳолат Қозоғистон билан ҳам юзага келган. Икки мамлакат расмий маълумотларида ҳам Қозоғистондан Ўзбекистонга импорт ҳажми бир хил кўрсатилган. Аммо Ўзбекистон экспорти бўйича рақамлар солиштирилганда деярли 120 миллион долларлик фарқ кузатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат статистика қўмитаси ҳам расмий изоҳ берган. Унда ташқи савдо айланмасидаги рақамларда Ўзбекистоннинг Россияга экспорт ҳажмида Давлат статистика қўмитаси товарлар ва хизматлар экспорт ҳажмини қўшиб ҳисоблагани, Россиянинг статистик кўрсаткичларида эса фақат товарлар ҳажми кўрсатилгани маълум қилинган. Қўмита ҳам фарқ қилаётган рақамлар ҳажми хизматлар экспорти ҳиссасига тўғри келишини маълум қилган. Лекин бу ташкилот изоҳида Қозоғистон маълумотлари билан фарқ масаласи очиқ қолдирилган.