АҚШ Давлат департаменти 2020 йилда дунёда турли террор ҳужумлари сони 15 фоизга ошганини маълум қилди. Бу ҳақда «Perild» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, мазкур маълумот давлат департаментининг 16 декабрь, пайшанба куни эълон қилган терроризмга қарши кураш бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботида келтирилган. Унда 2020 йил АҚШ ҳукумати турли мамлакатларда 10 172 террорчилик ҳодисасини қайд этган. Бунинг оқибатида 29 389 киши ҳалок бўлган, 19 413 киши жароҳатланган, яна 4471 киши ўғирлаб кетилган.

«2020 йилда содир бўлган терактлар сони 2019 йилга нисбатан 15 фоизга кўпдир», дейилади АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Давлат департаменти террорчилик фаолиятининг бу ўсиши ҳам қурбонлар сонининг 12 фоизга (2019 йилга нисбатан) ошишига олиб келганини қайд этган.

Таъкидланишича, бу Яман ва қўшни Саудия Арабистонидаги воқеалар, шунингдек, Африкада, айниқса, Саҳел зонасида, Конгода ва Мозамбикда жангариларнинг фаоллашгани билан изоҳланади. Шунингдек, «Исломий давлат» террорчилик гуруҳининг жангарилари томонидан қилинган ҳужум қурбонлари 2020 йилда рекорд даражада ошгани қайд этилган.

«Исломий давлат бўлимларининг Ироқ ва Суриядан ташқаридаги фаолияти 2020 йилда ўтган йиллардагидан кўра кўпроқ ўлимга олиб келгани таҳдиднинг кучайиб бораётганини кўрсатади», дейилади ҳужжатда.

Аввалроқ АҚШ давлат департаменти «Ал-Қоида» етакчилари қаерда яшаётганини маълум қилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракатининг ИШИД ва «Ал-Қоида» билан алоқадалиги айтилганди.