Қиш мавсумида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида энергия таъминотида чеклов ва узилишлар кузатилиши табиий ҳолга айланмоқда. Саноат ва аҳоли истеъмолчи сифатида ўсиб бормоқда, энергия ишлаб чиқариш манбалари ҳам ўзгармоқда. Булардан бири қуёшдан олинадиган қувват саналади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилга қараганда 1,7 бараварга ошган. Шундан келиб чиқиб, талабга жавоб берадиган муқобил энергия манбаларидан бири қуёшдан энергия олиб ишлайдиган ускуналар ҳисобланади.

Бошқа энергия манбааларидан фарқли равишда қуёш энергияси (ҳозирча) тугамайди. Ундан олинадиган энергия манбаи терраватларда ўлчанади. Бу эса талабдан кўра 20 баравар кўпроқдир. NASA тадқиқотларида қуёш яна 6,5 миллиард йил ўз нурини Ер сайёрасидан аямаслиги маълум бўлган. Қуёш панелларидан фойдаланиш эса электр ва иссиқлик энергиясидан узилишларсиз яшаш имконини беради.

Қуёш нурлари Ер сайёрасининг исталган нуқтасигача етиб боради, ҳатто Шимолий Қутбда ҳам қуёш энергиясидан бемалол фойдаланиш мумкин. Серқуёш Ўзбекистон ҳам ушбу тажрибадан фойдаланиш мақсадида 2019 йил 21 майдa «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилган. Унга кўра, қуёш панелларини ўрнатган тадбиркорлик субектлари 10 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод бўлади. Шунингдек, уни ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб, 5 йил муддатга солиқнинг барча турларидан озод қилинади.

Амалда энергетия ресурс тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш жойларида қуёш панелларидан фойдаланувчилар уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади. Барчаси истеъмолчиларни кўпроқ соҳага қизиқтириш мақсадида жорий этилган.

Ўзи умуман хонадонига қуёш панелларини ўрнатган шахслар қандайдир солиқларга тортиладими?

Энергетика вазирлигига кўра, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатган фуқаролар учун ҳеч қандай қўшимча солиқ ёки тўловлар жорий этилмаган. Шунингдек, фуқаролар ўрнатилган қуёш панеллар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишлари ҳам мумкин.

Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларга қуёш фотоэлектр станциялар, қуёш сув иситкичларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи «Sun HightTech» директори Элмурод Абдуллаевнинг сўзларига кўра, чекка ҳуддудларга, тоғли жойларга, электр энергияси етиб бормаган ерларга ҳам ушбу қуёш панеллари ўрнатилса, ҳатто қишки кунларда ҳам автоном электр таъминоти учун фойдаланилса бўлади.

«Бир хонадон учун мўлжалланган энг кичик қувватдаги қуёш электр станцияси 5 миллион сўмни ташкил қилади ва бу хонадондаги электр энергиясига бўлган минимал эҳтиёжни қондиради. Мисол учун 5–6 та ломпочка, телевизор ва телефонларни зарядлаш қурилмаларидан фойдаланиш мумкин. Бу турдаги қуёш электр стансияларини Энергетика вазирлиги қошида ташкил этилган махсус фонд орқали 5 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида кредитга ҳам сотиб олиш мумкин», – дейди у.

Бу борада бой тажрибага эга АҚШда 9 миллиондан ортиқ панелларни ўзида жамлаган электр станцияси 2,5 миллиард доллар эвазига икки йилда қуриб битказилган. У аҳолиси 276 минг бўлган Сан-Луис-Обиспо шаҳрининг катта қисмини электр билан таъминлайди. Чилининг Атакама саҳроси марказида жойлашган шу каби стансия қуввати 100 Мегаватт бўлиб у 125 мингта хўжаликни электр билан таъминлай олади.

Ўзбекистонда эса Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаларини эълон қилганди. Фарғона вилоятида Хитойнинг «Liaoning Lide» компанияси томонидан 1200 мегаватт бўлган қуёш электр станциясини барпо этилиши режалаштирилган.

Рухсора Машарипова тайёрлади