Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни шу кунларда мактаб ўқувчилари ва ота-оналар учун актуал бўлиб турган саволга жавоб бериш билан бошлаймиз. Мактабларда қишки таътил 28 декабрдан бошланади.

Фото: «Bugun.uz»

Халқ таълим вазирлигига кўра, мактаб ўқувчилари учун II чоракнинг сўнгги куни 27 декабр, душанбага тўғри келади (шу куни ҳам ўқиш бўлади). 28 декабрь, сешанба куни қишки таътилнинг илк куни саналади. Таътил 10 январгача давом этиб, 11 январь, сешанба кундан III чорак бошланади.

«Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида бензин нархи 6500 сўмгача арзонлашди. Бу фақат Аи-80 маркадаги бензиннинг нархи.

«Ўзбекнефтгаз»га қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 17 декабрь кунидан бошлаб Аи-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, 1 литр ёқилғи 6500 сўм нархида сотувга чиқарилди.

Фото: «Bugun.uz»

«Бундай натижа»га акциядорлик жамияти раисининг топшириғига асосан «ишчи гуруҳ» тузилиши ва нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олиниши орқасидан эришилган.

Ўзбекистонда афғонистонлик муҳожирлар оммавий тарзда бўлмаган. Бори ҳам Европага қочоқ сифатида кетган (ёки энди кетади).

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев мамлакатда тўнтариш бўлган пайтда Амударё орқали Ўзбекистонга ўтган муҳожирларнинг тақдири ҳақида гапирди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Унинг сўзларига кўра, қочқинлар Термизда оммавий тарзда бўлмаган, аммо тахминан 150 нафар қочқин Амударё орқали Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний тарзда ўтган. Ҳозирда уларнинг кўп қисми Европа мамлакатларига қочоқ мақомини олган ҳолда жўнаб кетган.

Қолган афғон қочқинлари эса учинчи мамлакатга чиқиб кетиши учун халқаро институтлар томонидан ёрдам берилади. Ўзбекистонда яшаб қолиш имконияти бўлган (визаси бор) афғонистонликлар учун эса виза муддатини узайтиришга ёрдам берилади. Икки йўлни ҳам тутиш имкони йўқлар эса мажбурий тарзда ўз ватанига қайтарилади.

Ўзбекистонда тадбиркорларга валюта айирбошлаш билан шуғулланишга, хусусий тиббиёт муассасаларига ҳайдовчиларни ва ҳайдовчиликка номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Шавкат Мирзиёевнинг «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси 16 декабрь куни муҳокамага қўйилди.

У билан хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматини кўрсатишга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Шунингдек, молиявий хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредит уюшмаси хизматлар бозорига кириш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, тенг рақобат шароитини яратиш мақсадида хусусий тиббиёт муассасаларига ҳайдовчиларни ва ҳайдовчиликка номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.

Марказий банк янги намунадаги 50 000 сўмлик купюра дизайнида хато борлигини тан олди. Ҳали бу пул эмиссия қилинмаган.

Марказий банк янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилди.

Фото: Марказий банк ахборот хизмати

50 минг сўмлик банкнот намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилган, аммо мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилган.

Фото: «Azon.uz»

Марказий банк вакилининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 22 декабрда муомалага чиқарилиши режалаштирилган пуллар ҳалигача эмиссия қилинмаганди. Хатолик эса фақат намунадаги банкнот суратидан аниқланган.

Фарғонада салкам 2,5 миллиард сўмлик тендер ўтказилди. Унда фақатгина бир манзилда жойлашган икки компания қатнашган.

Фарғона вилояти ҳокимилиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг» компанияси ўтгазган тендерда Қўқон шаҳридаги эркаклар Мурувват уйини реконструкция қилувчи компания аниқланган.

Ҳужжатга кўра, ушбу тендерда фақатгина икки корхона қатнашган — «Fargona kristal qurilish» ва «Far Jasmin disko servis». Ғолиб сифатида биринчи компания танлаб олинган.

Скрин: «Stat.uz»

Ҳаммаси яхшидек гўё, лекин ундай эмас. Ғолиб корхона ва унинг ягона рақиби бир манзилда рўйхатдан ўтган. Таъсисчиларни турли шахслар қилиб кўрсатишга ақли етган компанияларнинг телефон рақам ва электрон почтани ҳам бир-биридан бошқачароқ қилиш ҳаёлига келмаган, шекилли, улар бир хил қолган.

Скрин: «Stat.uz»

«Bugun.uz» мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мурувват уйи мутасаддилари билан боғланди. Уй бош ҳисобчисининг сўзларига кўра, ўтказилган тендерда 5-ётоқ бўлими биносининг ички қисми тўлиқ таъмирлаш ва маъмурият биносини нолдан қуриш учун компания танлаб олинган. Шунингдек, ҳисобчининг қўшимча қилишича, Мурувват уйининг октябрь ойида фойдаланишга топширилган 3 қаватли янги биноси қурилиши билан ҳам айнан «Fargona kristal qurilish» хусусий корхонаси шуғулланган.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов «ўхшаш жиҳатлари бор бўлган» корхоналарнинг тендерда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиши қандай бўлишини карикатура орқали кўрсатиб берди.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяда. Асосий маълумотлар:

  • Сеулда Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Президент у ерга рафиқаси билан борган;
  • Фото: Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида қабристондаги ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди;
  • Шавкат Мирзиёев 2022 йилни «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили» деб дипломатик номлашни таклиф этди.

Хўш, оламда нима гап?

Шимолий Корея ҳукумати фуқароларга Ким Чен Ир вафотининг 10 йиллиги муносабати билан кулиш ва спиртли ичимлик ичишни 11 кунга тақиқлади.

Бундан ташқари, шимолий кореяликларга одамлар гавжум жойда яхши кайфият белгиларини кўрсатиш ҳам тақиқланган бўлиб, чеклов Ким Чен Ирнинг хотира тадбирларида ҳам давом этади.

Фото: «NK News»

Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, фуқароларга 17 декабрь — КХДР собиқ раҳбари вафот этган куни дўконларга бориш тақиқланган. Аммо бу барча чекловлар эмас.

«Оила аъзоларингиз мотам пайтида вафот этган тақдирда ҳам сиз баланд овозда йиғлашингиз мумкин эмас, дафн маросимини барча воқеалар тугаганидан кейингина ўтказиш мумкин», — дейди исмини ошкор қилмаган манба.

Яна бир шимолий кореяликнинг айтишича, мамлакатда ҳатто одамларнинг қайғули кўринишини назорат қилиш учун полиция ходимларидан иборат махсус отряд тузилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.