Бухорода сув қувури ётқизаётган икки ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани, кейинроқ уларнинг шахси аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Меҳнат вазирилиги ҳолат бўйича ўрганиш олиб бориб, қўшимча маълумот берди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Таъкидланишича, 16 ноябрь куни соат 15:30 атрофида Когон шаҳар Дўстлик кўчасида «61-сонли Автокорхона» МЧЖ томонидан канализация қувури қазиш ишлари олиб борилаётганда ковланган ўранинг атрофидаги тупроқ ўпирилиб тушиши оқибатида ўранинг ичида ишлаётган фуқаролар тупроқ остида қолиб вафот этган. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Бандлик бош бошқармасининг 2021 йил 18 ноябрдаги 202-ИЧ-сонли буйруғига асосан тузилган махсус текшириш комиссия ўз ишини якунлаган.

Бахтсиз ҳодисанинг содир бўлишига асосий сабаблар деб

  • «61-Автокорхона» МЧЖ иш берувчиси томонидан ишларни хавфсиз олиб боришлари юзасидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда йўл-йўриқлар олмаган ходимларни Дўстлик кўчасида жойлашган диаметри 1000 миллиметрли пластмасса канализация қувурларини реконструкция қилиш ишларига жалб этилгани;
  • канализация қувурларини реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш учун қазилган ўра (бўйи 5–5,5 метр, эни 5–6 метр атрофида) девори қулаб тушмаслигининг олдини олиш учун келтириб қўйилган катталиги 2,6х4,6 ҳажмдаги 2 та темир панжаранинг ўрнатиб қўйилмагани топилган.

Вазият сабабларини бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланиб, мазкур бахтсиз ҳодиса меҳнат фаолияти билан боғлиқ деб топилиб, Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилган ва корхона томонидан МЧЖ ҳисобга олинган. Ҳодиса юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.