Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Европа Иттифоқи (ЕИ) давлатлари раҳбарлари Россияга қарши иқтисодий санкцияларни узайтиришга қарор қилганини айтди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, санкциялар яна 6 ойга узайтирилиши кутилмоқда. Чекловлар 2014 йилда Россиянинг «Украинадаги вазиятни беқарорлаштирувчи» ҳаракатига жавобан киритилган ва шундан бери бир неча бор узайтирилган. Чекловчи чораларнинг навбатдаги узайтирилиши Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг 16 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтган саммитида муҳокама қилинган.

«Европа Иттифоқи раҳбарлари бир овоздан Россияга қарши иқтисодий санкцияларни узайтиришга келишиб олди. Биз Россияни Минск келишувини амалга оширишни бошлашга чақирамиз», — деб ёзган Мишель Тwitter’да.

Қайд этилишича, мавжуд санкциялар Россиянинг айрим банк ва компанияларининг Европа Иттифоқи бирламчи ва иккиламчи капитал бозорларига киришини чеклайди, мудофаа материалларини олиб кириш, экспорт қилиш ёки ўтказишни тақиқлайди. Санкциялар, шунингдек, Россиянинг нефтни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин бўлган, танланган, стратегик аҳамиятга эга технология ва хизматлардан фойдаланишини ҳам чеклайди.

Аввалроқ АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш масаласи устида ишлаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Беларусь Евроиттифоқ санкцияларига жавоб қайтариши маълум қилинганди.