Фарғона вилояти ҳокимилиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг» компанияси 10 декабрь куни Қурилиш вазирлигининг «tender.mc.uz» порталида йирик тендер якунлангани ҳақида маълумот жойлади. Тендернинг умумий қиймати 2 миллиард 457 миллион сўмни ташкил қилган. Унда ҳокимлик ҳузуридаги компания Қўқон шахридаги эркаклар Мурувват уйи биносини реконструкция қилувчи (қўшимча ишлар) компанияни аниқлаган. Ҳужжатга кўра, «FARGONA KRISTAL QURILISH» корхонаси ғолиб бўлган. У билан бирга фақатгина «FAR JASMIN DISKO SERVIS» корхонаси тендерда қатнашган.

Очиқ маълумотларга кўра, ғолиб компания Фарғона шаҳар Фаробий кўчаси 9/1-сонли 5-қаватли турар жой биносида жойлашган. Компанияга 2010 йилда асос солинган, унинг устав капитали 5 миллион сўмни ташкил қилади. Таъсисчи — Саламов Азизбек Абдураҳманович.

Скрин: «Stat.uz»

Эътиборлиси шундаки, тендердаги ягона рақиб «FAR JASMIN DISKO SERVIS» компанияси ҳам ғолиб билан бир манзилда жойлашган. Шу билан бирга, икки компаниянинг телефон рақами ва электрон почтаси ҳам бир хил. Аммо таъсисчи бошқа — Султонов Ойбек Қўзибоевич.

Скрин: «Stat.uz»

Ҳужжатга кўра, тендер комиссиясининг якуний баҳолаш натижалари асосан энг кўп балл тўплаган «FARGONA KRISTAL QURILISH» хусусий корхонаси танлов савдосининг ҚҚС билан 2 415 000 000 (2 миллиард 415 миллион) сўм ва 40 кун қурилиш муддати билан ғолиб деб топилган.

«Bugun.uz» мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мурувват уйи мутасаддилари билан боғланди. Уй бош ҳисобчисининг сўзларига кўра, ўтказилган тендерда 5-ётоқ бўлими биносининг ички қисми тўлиқ таъмирлаш ва маъмурият биносини нолдан қуриш учун компания танлаб олинган. Шунингдек, ҳисобчининг қўшимча қилишича, Мурувват уйининг октябрь ойида фойдаланишга топширилган 3 қаватли янги биноси қурилиши билан ҳам айнан «FARGONA KRISTAL QURILISH» хусусий корхонаси шуғулланган.

Қўқон шаҳридаги Мурувват уйида 31 октябрь куни янги бино фойдаланишга топширилди
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги салкам 4 миллиард сўмга Электрон таълим тизимини яратишга буюртма бергани, кейинчалик ўтказилган ўрганишлар натижасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тендерни бекор қилгани хабар қилинганди.