Марказий банк янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилди. Бу ҳақда МБ матбуот котиби Акмал Назаров хабар берди.

Фото: Марказий банк ахборот хизмати

Таъкидланишича, 50 минг сўмлик банкнот намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилган, аммо мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилган. Янги пул намунаси эълон қилингандан сўнг ушбу элемент кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: «Azon.uz»

«Мутахассислар билан қайта ўрганиш натижасида ҳақиқатдан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлиги маълум бўлди», – дейилади бош регулятор хабарида. Шунингдек, Марказий банк банкнотлар дизайнларига бефарқ бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Марказий банк вакилининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 22 декабрда муомалага чиқарилиши режалаштирилган пуллар ҳалигача эмиссия қилинмаганди. Хатолик эса фақат намунадаги банкнот суратидан аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк томонидан 15 декабрь куни янги дизайндаги 50 минг сўмлик ва 100 минг сўмлик банкнотларнинг муомалага чиқарилиши ҳамда уларнинг кўриниши тўғрисида ахборот берилган эди. Ушбу пуллар 2021 йил якунилда муомалага чиқарилиши кутилмоқда.