Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов 2021 йилда қилинган ишлар ва 2022 йилги режалар тўғрисидаги мурожаатида вилоятдаги 60 мингдан ортиқ ишсиз фуқарони қандай қилиб иш билан таъминлаш режаси борасида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда ишсиз аҳоли сони 39,4 минг нафарни, ишсизлик даражаси эса 8,8 фоизни ташкил этади. Ҳокимнинг айтишича, 2022 йилда 25 минг нафар мактаб, техникум битирувчилари, 956 нафар ҳарбий хизматдан қайтадиган, 5745 нафар чет элдан қайтиши кутилаётган фуқаролар, умуман олганда, меҳнат бозорига жами 34 минг 852 нафар фуқаро кириб келиши кутилмоқда.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2022 йилда 60 минг 845 нафар иш ўрнига эҳтиёж кутилмоқда. Шунга кўра, келгуси йилда 60 минг 486 нафар аҳоли бандлигини таъминлашни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик. Белгиланган режаларимизни амалга оширилиши натижасида келгуси йилда ишсизлик даражасини 5,3 фоизгача пасайтирилишига эришилади», — деди Нормат Турсунов.

Шунингдек, вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, 560 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 20 мингта, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 2,3 мингта ҳамда ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ташкил этиш ҳисобига 9 мингта ва бошқа янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланади.

Маълумот ўрнида, 8 ноябрь куни Президентнинг тегишли фармони билан Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийда энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш маркази ишга туширилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоий кончилик институти негизида қарийб 15 минг талабани ўқитадиган Политехника университети ташкил этилиши маълум қилинганди.