Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг 17 декабрь кунги сессиясида қарийб 200 га яқин уйсиз аёлларга яшаш турар жой учун ижара тўловлари тўлаб берилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2022 йилда 12 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини (мавжуд бўш иш ўринлари, тадбиркорлик, касб ҳунарга ўқитиш, томорқадан самарали фойдаланиш орқали) таъминлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, 2 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга, уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларга, қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд аёлларга моддий ёрдамлар кўрсатилади.

«Қарийб 200 га яқин турар жойи мавжуд бўлмаган аёлларга яшаш турар жой учун ижара тўловлари тўлаб берилади. Шу билан бирга, 5 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қиз тиббий, ҳуқуқий ва психологик томондан қўллаб-қувватланади», — деди Нормат Турсунов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти ҳокими 60 мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш режасини айтганди. Шунингдек, Навоий кончилик институти негизида қарийб 15 минг талабани ўқитадиган Политехника университети ташкил этилиши маълум қилинганди.